Шавкат Мирзиёев 11 январь куни электротехника соҳасидаги натижалар ва галдаги вазифаларга оид тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур соҳанинг саноатдаги улуши 3,5 фоиз, товарлар экспортида 10 фоизни ташкил этади. 2024 йили 31 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 1,3 млрд доллар экспорт қилинган. Қолаверса, 516 млн доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 85 та янги корхона ишга тушган.
Тақдимотда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов бу йил ҳудудларда 4 млрд долларлик 290 та янги лойиҳани бошлаб, 600 млн доллар инвестиция ўзлаштириш, мисни қайта ишлаш даражасини 75 фоизга етказиш режаларини айтди.
Энди тадбиркорларга технопарклар ҳудудида тайёр бино қуриб, электротехника ва турдош соҳа корхоналарига сотишга рухсат бериш мўлжалланмоқда. Юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларни уч йил муддатга фойда ва мол-мулк солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Бу, жумладан, Оҳангарон мис кластерида 68 миллион долларлик, Қашқадарё, Фарғона ва Урганчда 30 миллион долларлик янги лойиҳаларга имконият очади.
Маҳсулотлар сотилиши учун вазирлик ва саноат тармоқлари кесимида 15 триллион сўмлик кафолатли бозор ҳам ташкил қилинмоқда. Ижтимоий объектлар учун қайта тикланувчи энергия қурилмаларини маҳаллий корхоналардан харид қилиш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Давлат раҳбари бу соҳа яшил иқтисодиёт учун, барқарор ривожланиш учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Шу боис жойлардаги барча имкониятларни ишга солиш, тадбиркорларга инфратузилма, молия ва хомашё жиҳатидан қўшимча шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Мутасаддилар буларнинг эвазига экспортни йилига 3 млрд долларга, ишлаб чиқариш ҳажмини 50 трлн сўмга етказиш имконияти борлигини қайд этди.
Инновацияларни ўрганиб, бозорбоп маҳсулотлар яратиш, малакали муҳандис, технолог ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон электротехника ишлаб чиқарувчиларига йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар, 2027 йилгача солиқ имтиёзлари, маркетинг тадқиқотлари харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш, давлат харидларида имтиёзлар ва яна бошқа кўринишдаги имтиёзлар ҳам берилган.
Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссиясига электротехника корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва бу учун бюджетдан маблағ олиш ваколати тақдим қилинган.