Шавкат Мирзиёев 11 январь куни транспорт ва логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги етти йилда маҳаллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш натижасида юк автомобиллари сони 7 карра ошиб, 26 мингга етган. Уларнинг халқаро ташишдаги улуши эса 35 фоиздан 60 фоизга ошган.
Лекин дунёдаги геосиёсий вазият бу соҳада қийинчилик туғдирмоқда. Ғарб йўналишида ташиш муддати 2 карра, харажати эса 1,5 баробаргача ошиб кетаяпти. Айрим Европа мамлакатлари чегараларидаги ўтказиш пунктлари ёпилган, бошқаларида узоқ навбатлар юзага келган.
Шу боис давлат раҳбари транспорт-логистика тизимини изчил ривожлантириш ва ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, халқаро ва минтақавий бозорларга олиб чиқадиган муқобил йўналишлар бўйлаб жойлашган мамлакатлар билан транзит юк ташувларни соддалаштириш ва эркинлаштириш, чегараларда ундириладиган йиғимларни ўзаро тенглик асосида камайтириш ёки бекор қилиш чораларини кўриш топширилди.
Ўзбекистонда юк жўнатувчи ва ташувчини ўзаро боғлайдиган экспедиторлик хизматлари бозори 520 млн долларга баҳоланмоқда. Унинг 90 фоиз улушини хорижий компаниялар эгаллайди.
Бу соҳада маҳаллий экспедиторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг халқаро юк ташишдаги хизматларига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) олинмайдиган бўлди. Натижада маҳаллий корхоналар улушини 45−50 фоизга чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари шу каби чоралар орқали халқаро юк ташиш ҳажмини 2 карра ошириш, транспорт хизматлари экспортини камида 3 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ташувлар ҳажмини кўпайтириш ҳам кўзда тутилган. Жаҳон банкининг логистика бўйича индексида мамлакат 2016 йилдаги 118-ўриндан 2023 йилда 88-ўринга яхшиланди, 2030 йилга бориб эса камида 55-ўринга кўтарилиш мақсад қилинган.
Мутасаддиларга электрон навбат тизимини кенг жорий этиб, чегарадан ўтиш вақтини 20 дақиқагача қисқартириш, транспорт воситаларини онлайн кузатиш тизимини йўлга қўйиш орқали қўшимча юк оқимларини жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2025 йилдан экспортчиларнинг транспорт харажатларини давлат бюджетидан субсидиялаш амалиёти бекор қилинди. Ушбу чора ЖСТ талабларига жавоб бериш учун қабул қилинди. Бу мақсадлар учун 2024 йилда 133,8 млрд сўм, 2023 йилда 509,9 млрд сўм маблағ ажратилганди.