Ўзбекистондаги деярли барча давлат оммавий ахборот воситаларининг 2025 йилга мўлжалланган бюджети 2024 йилга нисбатан ошди. Бу ушбу йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун ва президентнинг уни ижро этиш ҳақидаги қароридан маълум бўлмоқда.
Хусусан, минтақавий телерадиокомпаниялар, «Ўзбекистон,» «Ўзбекистон 24,» «Тошкент,» «Спорт,» «Маданият ва маърифат,» «Дунё бўйлаб,» «Болажон,» «Маҳалла», «Ўзбекистон тарихи» телеканалларини бирлаштирган Миллий телерадиокомпаниянинг (МТРК) бюджети 881,3 млрд сўмни (тахминан 68 млн доллар) ташкил этиб, 2024 йилга (555,9 млрд сўм) нисбатан 58,5 фоизга кўпдир. 2027 йилга келиб, бу бюджет 1 триллион сўмдан ошиши мумкин.
Кутилишича, 108 миллиард сўм аҳоли орасида футболни оммалаштириш мақсадида кўчма телевидение станциясини харид қилишга, яна 20 миллиард сўм эса «Ўзбекистон 24» ва «Маҳалла» телерадиоканалларини тўлиқ HD форматга ўтказишга йўналтирилади.
МТРК олдига давлат ривожланиш дастурлари доирасида стратегик мақсад — очиқ фуқаролик жамиятини қуриш, одамлар онгида демократик қадриятларни шакллантириш, «Янги Ўзбекистон» стратегиясини амалга ошириш доирасида давлат сиёсати ва ислоҳотлар натижаларини телевидение ва радио дастурлари орқали ёритиш, шунингдек, уларни жамиятга етказиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, кейинги уч йил ичида телекўрсатувлар ҳажми бўйича кўрсаткичлар ўзгармайди. Улар йилига 198,19 минг соат даражасида қолади. Аммо бу йил радиоэшиттиришлар сони 14 фоизга ошиб, 60,08 минг соатга етиши кутилмоқда.
Келгуси уч йилда телеканаллар (26) ва радиоканаллар (17) сони ўзгармайди.
Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бюджети 35,2 млрд сўмдан 40,7 млрд сўмга (+15,4 фоиз) ошади. Оммавий ахборот воситаларида мамлакат ички ва ташқи сиёсати, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишлар, шунингдек, амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини Ўзбекистон миллий манфаатлари нуқтаи назаридан холис ва изчил ёритиш ЎзАнинг стратегик вазифаси этиб белгиланди.
2025 йилда ЎзА медиа саҳифаларига обуначилар улушини ижтимоий тармоқлардаги фаол фойдаланувчилар сонига нисбатан 3,5 фоизга (2026 йилда — 4 фоизга), 9 та хорижий тилда эълон қилинган мақолалар улушини эса ҳар йили эълон қилинадиган мақолалар умумий сонига нисбатан 80 фоизга етказиш мўлжалланган.
Матнли, фото, видео ва аудиоматериаллар сонини 95 мингтага, янги обуначилар сонини 165 мингтага, ахборот агентлигининг видео ва аудиоматериалларини кўриш сонини 9,5 миллионга етказиш режалаштирилган.
Президентнинг 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджети ижроси тўғрисидаги қарорига кўра, «Янги Ўзбекистон,» «Правда Востока,» «Нурли Жол» ва «Овози тожик» газеталари бюджети 65,65 млрд сўмни ташкил этади. Ўтган йили қозоқ тилидаги «Нурли Жол» газетаси ва тожик тилидаги «Овози тожик» республика ижтимоий-сиёсий газетасини молиялаштириш учун 4,14 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган эди.
Олий Мажлиснинг «Халқ сўзи» газетаси ва бошқа газеталарнинг бюджети ҳақидаги маълумотлар топилмади.
2023 йил ноябрь ойида президент Миллий телерадиокомпанияга ажратилган кредит бўйича муддати ўтказиб юборилган тўловлар учун пеняларни ҳисобдан чиқариш, шунингдек, уни қайтаришда давлат бюджетининг улушини оширишни тасдиқлади. Дастлаб 22,5 миллион евролик қарзни тенг тақсимлаш режалаштирилган бўлса, энди 93 фоиз қарз бюджет ҳисобидан қопланади.
Ўша йилнинг сентябрь ойида компания Литванинг TVS Solutions компанияси билан Жиззах вилоят телерадиокомпаниясини замонавий студия мажмуаси ва кўчма телевизион станция билан жиҳозлаш бўйича давлат бюджети ҳисобидан 58 миллиард сўмга (4,44 миллион евро) шартнома имзолади.
Компания 2022 йилда 463,6 млрд сўм, 2021 йилда 427,1 млрд сўм, 2020 йилда 399,5 млрд сўм бюджет маблағларини олган.