Жиззах вилояти Зомин туманида илонни тириклай еган фуқаро жаримага тортилди, дея хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда кулвор илонни тириклай еган фуқаро ҳақида видео тарқалган. Шундан сўнг бошқарманинг туман бўлими ва ИИБ ходимлари олиб борган ўрганишда ушбу ҳолат фуқаро Қ.Ҳ. томонидан содир этилгани аниқланган.
Фуқаро бу ҳаракати билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 4, 30, 51, 53-моддалари талабларини бузган, дейилади хабарда.
Давлат инспекторлари томонидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-модда 1-қисми (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса) билан БҲМнинг 20 баравари (7,5 млн сўм) миқдорида жарима қўлланган.
Қолаверса, 1 125 000 сўм миқдорида табиатга етказилган зарар ҳисобланган.