Лос-Анжелесдаги кенг кўламли ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 24 кишига етди. Бу ҳақда Лос-Анжелес округи суд-тиббий экспертиза департаментига таяниб, LA Times нашри хабар бермоқда. Камида 16 киши бедарак йўқолган.

АҚШнинг Калифорния штатидаги Лос-Анжелес округида 7 январь куни ёнғинлар бошланган. Олти кун ичида 12 мингдан ортиқ бино, жумладан, турар жой бинолари, мактаблар ва черковлар вайрон бўлган ёки шикастланган. Оловни ўчириш кучли шамол ва қуруқ об-ҳаво туфайли мураккаб бўлиб турибди. Воқеа жойида 15 мингга яқин ўт ўчирувчилар ва Миллий гвардия ходимлари ишламоқда. Канада ва Мексикадан ўт ўчирувчилар ҳам маҳаллий қутқарувчиларга ёрдамга етиб келган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда округда учта ўрмон ёнғини давом этмоқда: Пасифик-Палисейдс (тахминан 96 кв. км ни қамраб олган ва оловнинг 13 фоизи қуршаб олинган), Итон (тахминан 57 кв. км, 27% қуршаб олинган) ва Ҳёрст (тахминан 3,2 кв. км, 89% қуршаб олинган).

Cal Fire маълумотларига кўра, Пасифик-Палисейдс ва Итон ёнғинлари Калифорния тарихидаги иккинчи ва тўртинчи ҳалокатли ёнғинлардир. Пасифик-Палисейдсда кўплаб Голливуд актёрлари ва машҳурлари яшайди. Ёнғинлар туфайли модель ва актриса Пэрис Ҳилтон, актёрлар Билли Кристал, Жейми Ли Кертис, Адам Броуди, Лейтон Мистер ва бошқалар уйларидан айрилди.

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Жо Байден штатда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Расмийлар юз минглаб аҳолини фалокат ҳудудидан эвакуация қилишга чақирди, ўн минглаб одамлар аллақачон ҳудудни тарк этган.

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомнинг сўзларига кўра, штатдаги ёнғинлар иқтисодий зарар ва қамров нуқтаи назаридан АҚШда энг катта табиий офат бўлиши, унинг қўшимча қилишича, қурбонлар «кўпроқ» бўлиши мумкин.