2025 йил сентябргача Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги 100 та умумий ўрта таълим мактабида олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчиларни автобуслар билан мактабга қатнови ташкил этилади. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган жорий йилги давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.

Автобуслар фаолияти аутсорсинг асосида ташкил этилади. Бу учун маблағ маҳаллий бюджет параметрларида таълим соҳаси учун ажратилган пуллар доирасида ажратилади.

Ушбу автобусларни ташкил этишга Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги масъул этиб тайинланган.

Ушбу амалий тадбир «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида 2023 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига киритилганди.

2023 йил ёзида Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида Нукусда сайловчилар билан учрашувда Қорақалпоғистон чекка қишлоқлардан болаларни ташиш учун мактаб автобуслари жорий қилинадиган биринчи ҳудуд бўлишини айтганди.

2021 йилда ЮНИСЕФ ва ИИВ ЙҲХББ мактаблар яқинидаги йўллар хавфсизлиги бўйича сўров ўтказган. Аксарият респондентларнинг (Тошкентда — 60 фоиз) мактабга олиб борувчи йўлларни хавфсиз эмас деб ҳисоблаши маълум бўлган. Ўқувчиларнинг катта қисми мактабга пиёда боради.

Нормал жамоат транспорти йўлга қўйилмагани ва ўз автобуслари ва микроавтобуслари йўқлиги сабабли ҳудудлардаги мактаб ва боғчаларга болаларни ташишда кўпинча Damas ва енгил автомашиналардан фойдаланилади. Баъзи ҳайдовчилар уларга 20 дан ортиқ болани сиғдира олган.