Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўтган ҳафтадаги антициклон таъсиридаги бироз совуқликлар ўрнини бу сафар илиқроқ ҳаво тўлқинлари эгаллайди. Ўтган ҳафта антициклоннинг жанубий қисми таъсирида Сурхондарёнинг катта қисмида кундузги вақтларда кузатилган давомли қалин туман ҳодисалари жанубий вилоятда ҳаво ҳарорати бирмунча совуқ бўлишига сабаб бўлди. Сунъий йўлдош тасвирларида ҳам бу ҳодиса яққол кўриниб турибди.

Манба: NASAМанба: NASA

Ўзбекистонда жорий иш ҳафтаси об-ҳавосини аввалига Туркманистондан кириб келувчи илиқ ҳаво оқимлари белгилайди. Пайшанба-жума кунлари эса минтақага юқорироқ босимли навбатдаги атмосфера жараёни кириб келади ва дам олиш кунлари жанубдан кўплаб вилоятларга нам ҳаво оқимларини чиқишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида, шунингдек, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, кейинроқ эса водий вилоятларида ёғингарчиликлар юз бериши мумкин.

Ҳафта ўрталарида жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +15 даражагача кўтарилса-да, ҳафта давомида республика бўйлаб тунда жойларда ноль даража ва баъзи ҳудудларда ундан ҳам пастроқ совуқлик бўлиши кутилмоқда. Айнан жорий ҳафта охири (шанба-якшанба кунлари)га келиб аксар ҳудудларда узоқ кутилган навбатдаги ёғингарчиликлар юз бериши мумкин.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида кундузи ҳароратнинг +10 даражадан юқори бўлиши, қўшимчасига ёғингарчиликсиз қуёшли об-ҳаво гўёки баҳорий муҳитни тақдим этаётгандек кўринса-да, тунги совуқ ҳароратлар дов-дарахтларнинг «алдамчи қуёш» тафти сабаб оммавий «эрта уйғониши»нинг олдини олади.

Жорий ҳафта об-ҳаво шароити кундузи ва кечаси илиқ, тонгда эса бироз совуқ бўлиши магистрал газ қувурларидаги босимнинг камайиши билан боғлиқ юкламани камайтириб, ҳудудлардаги метан газ-заправкаларининг барқарор иш режимига ўтишини таъминлаши мумкин.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 13 январь куни жойларда кундузи илиқ, кечаси совуқ ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кундуз куни +3…+8 даража илиққача, кечаси −3…−8 даража совуққача ўзгариб туради, бошқа вилоятларда +8…+13 даража илиқ, тунда — жанубий вилоятларни ҳисобга олмаса — ҳудудларда −0…−5 даража совуқ бўлади. Эътиборга молик томони, шу куни тоғларда тунлари ҳам бироз илиқроқ ҳарорат кузатилиб, жанубий вилоятлар билан биргаликда ҳарорат -2 даража совуқдан +3 даража илиққача ўзгариб туриши, жанубда кундузи ҳарорат +15 даражагача юқори кўтарилиши прогноз қилинган. Ҳудудларда ёғингарчилик кузатилмайди. Тоғлардан бошқа жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.

Синоптиклар 14−16 январь кунлари Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилган. Бу кунларда шимолий ҳудудларда ҳарорат кундузи душанба кунига нисбатан бироз пасайса-да, аммо айни қиш чилласи ўртаси учун бу каби пасайиш шимолликларга худдики баҳорий илиқлиликни тақдим этгандек бўлади. Шимолда ҳарорат кундузи +3…+8 даража, бошқа ҳудудларда +10 даража илиқдан +15 даражагача ўзгарса, 14 январь куни тунда шимолда −3…−8 даража, Бухоро ва Навоий вилоятларида −0…−5 даража совуқ, бошқа ҳудудлар, ҳатто тоғларда ҳам -2 даража совуқдан +3 даража илиқ орасида ўзгаради. 15−16 январь кунлари 14 январга нисбатан тунда ҳам, кундузи ҳам ҳарорат бироз кўтарилиб, илиқроқ об-ҳаво кузатилиши мумкин.

Жума, шанба ва якшанба кунлари кундузи ҳаво ҳарорати ҳафтанинг боши ва ўртасига нисбатан сезиларли ўзгармаса-да, ҳудудларга нам ҳаво оқимлари кириб келиши сабаб аҳоли тунги ҳарорат ҳам бироз кўтарилаётганини ҳис қила бошлайди. Жума куни ёғингарчилик кутилмаяпти, шанба куни айрим ҳудудларда озроқ, якшанба куни кўплаб ҳудудларда кўпроқ ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Глобал комплекс прогноз тизиминингпрогнозларига кўра, ҳафта (13−18 январь кунлари) давомида Ўзбекистоннда шу даврга хос иқлимий меъёрдан камроқ ёғингарчилик тушиши ва ҳарорат режими бўйича меъёрдан юқори, яъни «илиқ» бўлиши келтирилган. Шунингдек, жорий ҳафта тоғларда ҳаво ҳарорати сезиларли кўтарилиб, шунга яраша қуруқ ўтиши ҳам кутиляпти.

Шундай қилиб, келаётган ҳафтада кундуз кунлари анчайин илиқ, тунда совуқроқ бўлиши кутилмоқда. Аҳоли фақат дам олиш кунларига келибгина ёғин-сочинли об-ҳавога гувоҳи бўлиши мумкин.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Иш кунлари атмосфера босимининг кескин ўзгаришлари билан боғлиқ вазият юз бермаслигини ҳисобга олсак, об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатлигида жиддий хавф юзага келмайди.

Фақат пайшанба-жума кунлари (айрим ҳудудларда шанба куни ҳам) ҳаво ҳарорати кундузи қишнинг энг совуқ даври учун ноодатий кўтарилиши сабаб аҳоли ҳавода бироз кислород етишмовчилигини ҳис қилиши мумкин. Аммо ҳозир шундоқ ҳам мавсумий кислород етишмовчилиги кузатилаётган бир вақтда (айниқса, йирик шаҳарларда), бу каби вақтинчалик таъсир саломатликка жиддий хавф туғдирмайди.

Умуман олганда, ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво ўзгаришлари кишилар саломатлигига кўп ҳам хавф туғдирадиган кучга эга эмас.

Биоиқлимий шароитлар

Ҳафта бошида ҳаво ҳарорати кундузи қуёшли ва иссиқроқ бўлса-да, уни ҳис қилиш пастлигича қолади. Чоршанбадан бошлаб эса тунги ҳароратнинг ҳам аста-секин кўтарилиши гўёки баҳор бошларидаги иқлимий муҳитни тақдим этаётгандек бўлади. Аммо тунги ва тонгги ҳарорат барибир +5 даражадан анча паст бўлгани учун қалин кийимларни кийиб олишга эҳтиёж сезилади.

Ҳафта ўрталаридан ҳаво ҳароратининг кундузги вақтларда қарийб +15 даражага етиши кўпчиликни устки кийимларни бироз енгиллаштиришга ундайди. Лекин шимолликларда бундай имкон бўлмайди — шимолий ҳудудлар асосан совуқлигича қолади.

Тоғли ҳудудларда ҳаво ҳароратининг юқори ва ёғинсиз бўлиши иш кунлари тоғларга чиқмоқчи бўлганлар учун қулай об-ҳаво муҳитини ҳосил қилмайди. Якшанбага келиб, қор бўронлари бўлиши инобатга олинса, тоғлар дам олувчилар саёҳати учун айни муддао маконга айланади.

Бошқа ҳудудларда аҳоли якшанба куни ташқарида ўзи билан соябон олиб юриши зарар қилмайди. Чунки шу куни аксарият ҳудудларда ёғинлар асосан суюқ (ёмғир) ҳолатда бўлиши кутилмоқда.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафта давомида кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида сўнгги икки кунликда чақнашлар билан боғлиқ жуда ҳам сокинликни кўрсатмоқда. Ер магнитосферасида ҳам кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлмаслигини тахмин қилинган.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли иш кунларида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги, яъни хавфсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Фақат 14 январда «сариқ» хавфга эга 3−4 баллик магнит бўрони қўзғалиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Жума ва шанба кунлари нам ҳаво оқимларининг ҳудудларга кириб келишидан олдин жойларда пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳавода ифлосланиш ортиши мумкин. Сешанба-чоршанба кунлари антициклонал жараёнлар ҳам ҳавода майда заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради.

Якшанба куни эса, кўплаб ҳудудлардаги ёғингарчилик кутилмаларидан келиб чиқиб, об-ҳаво муҳити ҳавода ифлосланишни юзага келиши учун қулай шароит ҳосил қилмайди, дейиш мумкин. Умуман ҳафта давомида ҳавонинг давомли юқори ифлосланиши айнан об-ҳаво ўзгаришларига боғлиқ ҳолда рўй бермайди.

Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 13 январдан 19 январгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба, сешанба ва якшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.