Президент Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Абу Даби шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида БАА сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Олама билан учрашув ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Presight компанияси раҳбари Томас Прамотедам, AIQ компанияси раҳбари Магжан Кенесбай ва Khazna компанияси раҳбари Ҳасан ал-Нақби, Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети президенти Эрик Синг ҳам иштирок этди.

ai, баа, президент, сунъий интеллект

Таъкидланишича, ушбу компаниялар катта маълумотлар таҳлили ва СИ соҳасида етакчилар қаторига киради. Муҳаммад бин Зоид университети бу соҳадаги тадқиқотларга ихтисослашган дунёдаги биринчи ОТМ ҳисобланади.

Учрашувда амирлик компаниялари билан илғор технологияларни ривожлантириш ва уларни турли соҳаларга муваффақиятли жорий этишга қаратилган стратегик шерикликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.

Томонлар генератив сунъий интеллектни ишлаб чиқиш, шу жумладан, энергетика соҳасида «катта тил моделлари»ни қўллаш, Тошкентда йирик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга доир келишувларга эришди.

ai, баа, президент, сунъий интеллект

Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети билан алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президент талабаларни ўқитиш дастурини ишга тушириб, бу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишни таклиф этди.

Илмий-тадқиқот лабораторияларини биргаликда ишга тушириш, технологик кластерлар ташкил этиш ва контактсиз тўлов операциялари учун инновацион ечимларни жорий этиш режалари муҳокама қилинди.