Туркиянинг Albayrak Holding компанияси Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокими ўринбосари Абдуҳамид Абдукодиров билан музокаралар натижасида «Бешёғоч» бозори ўрнида йирик бизнес маркази қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар онлайн режимда ўтказилди ва унда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди.
Ҳокимлик музокаралар давом этаётганини билдирди.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг туман ҳокимлигининг аниқлик киритишича, ҳозирда лойиҳа фақат муҳокама босқичида.
«Айни вақтда лойиҳа аниқ амалга ошиши, унинг муддатлари ва қиймати ҳақида ҳеч қандай режалар йўқ. Бунга ўхшаш таклифлар яна бўлса, туманга инвестиция киритиш мақсадида ҳокимлик инвесторлар билан учрашишга тайёр», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, «Бешёғоч» бозори ҳудуди Фурқат ва Бешёғоч кўчалари чорраҳасида жойлашган тарихий ансамблга туташ. Тўғридан-тўғри бозор атрофида 1930 йилларда қурилган турар жой бинолари жойлашган.
Декабрда Хитойнинг Sheng Ke-International компанияси «Аския» бозорининг 1,83 гектар майдондаги мулки ва ҳудуди бўйича тендерда ғолиб чиққанди. Икки қатнашчи иштирокидаги аукцион 15 дақиқа давом этган ва 225,59 миллиард сўмлик битта ставкадан сўнг якунланган. Харидор бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни реконструкция қилиши ва унинг ҳудудида замонавий савдо-маиший мажмуа, жумладан, майдони камида 3000 кв.м бўлган экобозор, 1200 кв.м бўлган совитиш омбори ва биринчи қаватда камида 400 машинага мўлжалланган автотураргоҳ ташкил этиши керак бўлади. Лойиҳа доирасида тўрт юлдузли меҳмонхона ва йирик савдо маркази қуриш, скамейкалар, эскалаторлар, велотураргоҳлар, ҳожатхоналар ва Wi-Fi зонасига эга яшил ҳудуд яратиш режалаштирилган.
Тошкент шаҳридаги Юнусобод бозори ўрнида ҳам экобозор, савдо маркази, офислар, ерости автотураргоҳи, томида ресторанлар ва яшил ҳудуд мавжуд бўлган уч қаватли мажмуа қуриш режалаштирилмоқда. Президент бозор узлуксиз ишлаши учун қурилишни босқичма-босқич ташкил этиш бўйича топшириқ берган.