АҚШ президенти Жо Байден 13 январь куни Давлат департаментида ўз маъмуриятининг ташқи сиёсати якунлари бўйича нутқ сўзлади. Унинг таъкидлашича, унинг маъмурияти ҳокимият тепасида турган тўрт йил давомида АҚШнинг шериклари билан муносабатларини мустаҳкамлаб, асосий рақиблари — Россия, Хитой ва Эронни заифлаштирган.
«Совуқ урушдан кейинги давр тугади. Янги давр бошланди. Шу тўрт йил ичида инқирозларга дуч келдик, бизни синаб кўришди… Қаттиқ рақобат бор. Жаҳон иқтисодиёти, технологиялари, инсоний қадриятлар ва бошқаларнинг келажаги. Айни пайтда, менинг фикримча, бизнинг маъмуриятимиз туфайли Қўшма Штатлар глобал рақобатда ғалаба қозонмоқда», — деди Байден.
Байденнинг сўзларига кўра, унинг президентлиги даврида АҚШ ва унинг иттифоқчилари кучлироқ бўлди, рақиблари эса заифлашди. Мисол тариқасида у 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришини келтирди.
«[Россия президенти Владимир] Путин Украинага бостириб кирганида, у Киевни бир неча кунда забт этаман, деб ўйлаганди. Аммо бу уруш бошланганидан бери Киевнинг марказида турган ягона одам менман, у эмас», — деди АҚШ президенти.
Унинг таъкидлашича, уч йилдан сўнг Путин «ўз стратегик мақсадларининг ҳеч бирига» эриша олмаган. «У Украинани бўйсундира олмади, НАТО бирлигини бузолмади ва кўпроқ ҳудудларни қўлга кирита олмади», — дея қўшимча қилди Байден.
Шунингдек, у Исроилнинг ҲАМАС ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан урушини эслатиб ўтди. Байденнинг сўзларига кўра, «Эрон сўнгги ўн йилликлардагига қараганда заифлашди», «Ҳизбуллоҳ» «оғир яраланди», Эрон иқтисодиёти эса «оғир аҳволда».
Байден авторитар давлатлар — Хитой, Эрон, Шимолий Корея ва Россия энди бир-бири билан чамбарчас боғланганини тан олди, аммо бу «куч эмас, балки заифлик туфайли» содир бўлганини таъкидлади.
Хитой ҳақида гапирар экан, Байден ўз лавозимини эгаллаганида экспертлар ХХРнинг АҚШдан муқаррар иқтисодий устунлигини башорат қилганини эслатди. У «Бу ҳеч қачон содир бўлмайди», дея таъкидлади ва Хитой ҳамда бошқа мамлакатлардан халқаро қоидаларга амал қилишларини кутаётганини қўшиб қўйди.
Байден нутқининг охирида кейинги ойлар ва йилларда АҚШ олдида албатта янги муаммолар пайдо бўлишини таъкидлади, аммо кейинги маъмуриятга «жуда кучли карталарни» қолдиришини таъкидлади.