11 январь куни Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятларини содир этиб Туркияда яшириниб юрган шахс Ўзбекистонга юборилди, деб хабар бермоқда Истанбулдаги бош консулхона.

Туркия ва Ўзбекистон ИИВ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Истанбул шаҳрида қўлга олинган И.У. (1969 й.т.) Ўзбекистонга депортация қилинди. У 2015 йилдан буён автомобиль олди-сотди соҳасида кўплаб фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган.

Ушбу шахснинг ҳатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан ИИВ ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилиш сўралади.

Консулхонанинг эслатишича, жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади.

Шу билан бирга, кейинги вақтларда фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан Бош консулхонага келаётган мурожаатлар сони ортгани сабабли фуқаролардан огоҳ бўлиш сўралди.