Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Абу Даби шаҳрига ташрифи доирасида БАА инвестициялар вазири, ADQ ҳолдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги етакчи компаниялар делегацияси билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда AD Ports Group компанияси раҳбари Муҳаммад Жума ал-Шамисий, Tadweer раҳбари Али ал-Даҳерий, Plenary Group раҳбари Мустафо Фахур ва Ducab раҳбари Муҳаммад ал-Кураший иштирок этди.
Таъкидланишича, ушбу компаниялар ўз соҳаларида жаҳон етакчиларидан бири бўлиб, уларнинг жами активлари 200 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Улар билан юқори технологик тармоқларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестиция портфелини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар иқтисодиётнинг турли йўналишларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани, хусусан, инвестицияларни илгари суриш, саноат ва илғор технологияларни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Учрашувда ҳар бир компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланди. Жумладан, инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарсозлик, энергетика, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, электротехника, коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.
Инновацион технологияларни жорий этиш, нодир металл конларини ўзлаштириш, минтақавий темирйўлларни ривожлантириш ва «қуруқ» портлар қуриш, кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини жадаллаштириш, таълим ва тиббиёт соҳаларида ДХШ лойиҳаларини илгари суриш юзасидан келишувларга эришилди.
Маълумот учун, «қуруқ порт» деганда бир ёки ундан ортиқ транспорт турлари билан боғланган, қайта ишлаш, вақтинча сақлаш ва халқаро савдо жараёнида ташилаётган юкларни қонуний талабларга кўра кўрикдан ўтказишга ҳамда тегишли божхона назорати функциялари ва расмийлаштиришни амалга оширишга мўлжалланган логистик марказга эга жой тушунилади.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.