Наманган ва Андижон вилоятларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.
Ташкилотнинг Чуст тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Ч.Ш.» МЧЖ масъуллари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш биносида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиб олгани аниқланди. Улар жами 2,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Андижон шаҳри бўлими ва «Ўзэнергоинспекция» вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда B.b. нодавлат таълим муассасаси масъул шахслари қўлга тушди. Улар таълим муассасаси биносини электр тармоғига тижорат мақсадида шартномасиз тўғридан-тўғри улаб, жами 892,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.