Самарқандда ўтказилган иккита рейд давомида қум-шағал қазиётганлар табиатга катта миқдорда зарар етказгани аниқланди, деб хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Хусусан, Қорадарёнинг Оқдарё туманига туташ қисмида бир гуруҳ фуқаролар тунги соат 02:00 да ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олаётгани ва ҳолат жойига яқин тош майдалаш цехига олиб борилаётгани маълум бўлди. Табиатга 118 миллиард сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 дона экскаватор ва 2 та юк ташувчи транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилди.
Бундан ташқари, Зарафшоннинг Тойлоқ туманига туташ қисмида ҳам бир гуруҳ фуқаролар тунги соат 04:30 да Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида 7 та экскаватор ва 25−30 та юк ташувчи транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда қум-шағал қазиб олган. Бу ҳолатда табиатга 708 миллиард сўм зарар етказилган.
Ҳолат бўйича барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 дона экскаватор ва 3 дона юк ташувчи транспорт воситалари тегишли тартибда жарима майдонига жойлаштирилди.
Дастлабки ўрганишлар давомида аниқланишича, Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида ноқонуний қазиш ишлари доимий равишда олиб борилгани сабабли 7 гектар яшил майдон йўқ бўлиб кетган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2024 йил 17 январдаги «Сув омборларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Чирчиқ, Сирдарё, Санзор, Зарафшон, Норин дарёлари ўзанларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий эълон қилинган.
Мораторий даврида ушбу фаолият оқибатида табиатга етказилган зарар учун ундириладиган суммалар 10 баробар ошади. Бироқ мазкур чораларга қарамай дарёдан қум-шағал қазиб олиш ҳалигача давом этмоқда.