Тошкент президент мактаби барқарор ривожланиш бўйича Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида ғолиб деб топилди, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён топширди.

Абу-Дабидаги тақдирлаш маросимида президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. У «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» халқаро саммитида иштирок этади. «Давлат раҳбари мактаб вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади», — дейилади хабарда.

президент мактаби, Zayed Sustainability Prize, баа

Тошкентдаги президент мактаби ёмғир сувини йиғиш ва фильтрлаш орқали ичимлик суви сифатида фойдаланиш тизими лойиҳаси билан мукофотга сазовор бўлди.

Мактабнинг икки нафар ўқувчиси томонидан тақдим этилган лойиҳада ичимлик суви танқислиги мавжуд бўлган туманлар ва қишлоқларда фойдаланилмай турган ер участкаларида катта ҳажмдаги ёмғир сувларини йиғиш таклиф этилган. Бунинг учун ёпиқ резервуарлар (цистерналар) ва фильтрлаш ускуналаридан фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, улар орқали сув ичимлик ва турмуш эҳтиёжлари учун қайта ишланади.

Zayed Sustainability Prize мукофоти «Глобал ўрта мактаблар» номинацияси 2012 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳар йили дунёнинг турли минтақаларидан олтита ўрта мактабга топширилади. Ушбу мукофот барқарор ривожланиш соҳасида сезиларли таъсир кўрсата оладиган лойиҳаларни тақдим этган мактабларни рағбатлантиришни мақсад қилган.

Мукофотнинг мақсади ўқувчиларни инновацион ва барқарор лойиҳаларни амалга оширишга рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашдан иборат. Ушбу лойиҳалар соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика ва сув таъминотини яхшилашга қаратилган бўлиб, мактаблар ва маҳаллий жамоаларда амалга оширилади.

Ҳар бир олти минтақавий номинация ғолиблари ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун 150 минг долларгача маблағ олади.

Мукофот веб-сайтида қайд этилишича, 2013 йилда Global High Schools мукофоти илк бор топширилганидан буён, унинг совриндорлари, жумладан, 55 мингдан ортиқ ўқувчилар, бутун дунё бўйлаб 887 453 нафар одамнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатган. Шунингдек, 7,3 миллион кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилган, 383,2 минг литр сув тежаб қолинган ва СО2 чиқиндилари 5719 тоннага камайтирилган.