Россия Қуролли кучларининг радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игорь Кирилловни ўлдириш иши бўйича янги фигурантлар пайдо бўлди, бу ишга алоқадорликда гумон қилинган икки киши Сибирда ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда «Коммерсант» нашри.

Қайд этилишича, ҳибсга олинганлар Москвада кичик бизнес билан шуғулланган ва генерал ўлдирилганидан кўп ўтмай пойтахтни тарк этган. Улар Кирилловни ўлдирган деб тахмин қилинаётган шахс — Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов учун Москва вилоятида уй ижарага олганликда гумонланмоқда.

Гумонланувчилар полицияга бўйсунмагани ва майда безорилик қилгани учун 15 суткага маъмурий қамоққа олинган. Ҳибсга олиш муддати тугагач, улар Москвага юборилади, у ерда Кирилловнинг ўлдирилиши бўйича иш олиб бораётган Тергов қўмитаси ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари уларни қабул қилиб олади.

Ҳибсга олинганлар Ингушетияда туғилган бўлиб, улар Россияда террорчи деб тан олинган ташкилотнинг Шимолий Кавказдан келган аъзолари бўлиши мумкин.

Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов 17 декабрь куни эрталаб генералнинг уйи эшиги олдида қўйилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Аҳмад Қурбоновни айбланувчи сифатида бир неча соатдан сўнг қўлга олишган. Унга нисбатан теракт ва қуролларнинг ғайриқонуний муомаласига оид моддалар (ЖКнинг 3 та моддаси) бўйича айблов эълон қилиниб, қамоққа олинган.

Сўроқ пайтида, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари расмий маълумотларига кўра, Қурбонов уни Украина махсус хизматлари ёллаганини, жиноят содир этгани учун унга 100 минг доллар ва Европа давлатларидан бирига бориш ваъда қилинганини айтган.