Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида бўлиб ўтган «Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги» саммитида нутқ сўзлади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда амирликлар президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, Нигерия президенти Бола Тинубу, Руанда президенти Пол Кагаме, Сейшел ороллари президенти Уовел Рамкалаван, Уганда президенти Ёвери Мусевени ҳамда бошқа хорижий давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Давлат раҳбари ўз нутқида бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, уларнинг балансида углеводород улушини кескин камайтириш — иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.
Президент Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади — экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган «яшил» ривожланиш моделига ўтиш эканини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон раҳбари кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва «яшил» молиялаштириш миллий дастури ишлаб чиқилгани, инвестиция лойиҳаларида «яшил» компонентларни келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтириш режа қилинганини айтди.
Шунингдек, зарарли газларни мониторинг қилиш ва Миллий эмиссия савдо тизимларини жорий этилади. 2030 йилгача зарарли чиқиндиларни 35 фоизга қисқартириш ва бу мажбуриятни доимий ошириб бориш режа қилинмоқда.
Ўзбекистонда «Яшил макон» дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда
Шавкат Мирзиёев эътиборни тез суръатларда ўсиб бораётган Ўзбекистон иқтисодиётининг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун «яшил» қувватларни жадал ривожлантиришга қаратди.
«Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гиваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди, — деди давлат раҳбари.
Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 млрд доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режа қилинган.
Бугунги кунда «яшил» тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни «яшил» иқтисодий ривожланиш ва «тоза энергия» марказларидан бирига айлантириш ниятидамиз", — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари яқинда яқинда COP-29 доирасида қозоғистонлик ва озарбайжонлик ҳамкорлар билан имзоланган кўп томонлама битим Европага «яшил» энергияни экспорт қилиш имкониятини беришини таъкидлади. Мирзиёев буни «қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлидаги илк қадам», дея таърифлади.
Президент «яшил» энергия соҳасида БАА Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкори эканини алоҳида қайд этаркан, сўнгги йилларда амирликлар билан инвестициялар портфели 26 млрд доллардан ошгани, улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлаётганини билдирди.
Masdar компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объектини ишга туширилди. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади.
Бу каби лойиҳалар амирликларнинг бошқа етакчи компаниялари ҳамда Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Хитойлик шериклар билан ҳам амалга оширилмоқда.
Президент Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қуёш, сув, шамол энергияси ҳамда «яшил» водородни ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятини биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фақат Ўзбекистоннинг ўзида 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергетика ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд.
«Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой. Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.
У анжуманда иштирок этаётган нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган «Яшил» университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирди.
Президент мазкур университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий тадқиқот тармоғини яратишни таклиф этди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Дубай ва Бокуда бўлиб ўтган COP-28 ва COP-29 саммитлари ва халқаро форумларда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни таъсис этиш, дарё экотизимлари хавфсизлигини таъминлаш, Сув тежовчи технологиялар минтақавий хабини ташкил қилиш, Ўсимликлар генетик ресурслари банкини яратиш ташаббуслар илгари сурилгани ва барча ҳамкорлар билан амалий ишларни бошлашга тайёрлигини билдирди.
Давлат раҳбари 2025 йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда умумминтақавий Яшил тараққиёт концепцияси тақдим этилишини айтди.
Шунингдек, 15 май — Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида бўладиган Рақамли «яшил» ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига вакилларни таклиф этди.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқи сўнггида Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва «яшил» тараққиёт йўлида бутун дунёга очиқлигини яна бир бор таъкидлади.