Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади. Табрик матнини Президент матбуот хизмати эълон қилди.
«Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимизни, муҳтарам фахрийларимизни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг азму шижоатингиз, эл-юртга садоқатингиз туфайли халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланмоқда, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланмоқда, миллий армиямизнинг жанговар қобилияти юксалмоқда», — дейилади табрик аввалида.
«Юртимиз бўйлаб жасорат мадҳиялари янграётган бугунги улуғ кунларда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбийларимизнинг сўнмас хотираси олдида барчамиз ҳурмат бажо келтирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армия улар учун, ёшлар учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда.
Шунингдек, табрикда халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишлаётгани қайд этилган.
«Аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифамиз бўлиб қолади. Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади», — дейилади табрикда.
«Ана шу муҳим вазифаларни бажаришда, ҳеч шубҳасиз, ҳарбий-маъмурий секторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, халқ билан мулоқот ва маслаҳат асосида, унинг иштирокида амалга оширилган иш албатта қудратли ижобий кучга эга бўлади».
«Умуман, бугунги кунда барчамиз — қайси соҳа ёки тармоқда, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда», — дейилади табрикда.
«Она юрт қалқонлари, тинчлик посбонлари шарафланадиган мана шу қувончли кунда сиз, азизларни шонли байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан қутлайман. Барчангизга муқаддас қасамёдингизга содиқ қолиб, хизмат бурчингизни юксак даражада адо этишда мустаҳкам соғлиқ, улкан муваффақиятлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Жонажон ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафарлар доимо сизларга ёр бўлсин!» — дея якунланган табрик.