Тўлдирилди: 15 январь куни яна бир аёл вафот этгани маълум бўлди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлбола спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарланиб вафот этди. Уларнинг яқин қариндошлари 14 январь куни бу ҳақда Истанбулдаги бош консулхонага хабар берди.

Аниқланишича, ичимликлар шаҳарнинг Аксарай туманида сотиб олинган.

Вафот этган фуқаролар асосан 35−40 ёшдаги эркаклар бўлиб, уларнинг барчасида вояга етмаган фарзандлари бор эди, таъкидлади консулхона.

У барча фуқароларни спиртли ичимликлардан тийилишга ва эҳтиёткорликка чақирди. «Саломатликка таҳдид солувчи ҳар қандай вазиятда зудлик билан яқин шифохонага мурожаат қилишингиз ва бош консулхона билан боғланишингиз тавсия этилади», — дейилади хабарда.

Фавқулодда ҳолатлар учун БК телефон рақами: +905535411717.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Самарқанд шаҳрида ҳам 5 нафар эркак қўлбола усулда ясалган спиртли ичимлик ичиш оқибатида ҳалок бўлганди. Маҳсулотни сотган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.