14 январь куни БААда бўлиб ўтаётган «Абу Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» халқаро саммити доирасида Ўзбекистон ва БАА ўртасида чет эл инвестициялари ҳисобига чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди, деб хабар берди Экология вазирлиги.
Ўзбекистон вазирликлари ва БААнинг Tadweer Group компанияси билан лойиҳани амалга ошириш борасида келишувларга эришилди.
Tadweer Group лойиҳасига кўра, Бухоро вилоятида 10 гектар ер майдонида қиймати 200 млн долларига тенг чиқинди ёқиш заводи қурилади ва кунига 1 500 тонна чиқинди ёқилади. Қурилиш жараёнлари 2025 йилдан бошланади. 2027 йилда Бухорода Навоий вилояти учун ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод ишга тушиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 363 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқартирилади, 21 минг хонадон электр билан таъминланади. Шунингдек, 150 та қўшимча иш ўрни яратилади ва йилига 350 нафар малакали мутахассис тайёрланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқарадиган 8 та завод ишга тушиши хабар қилинганди. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, заводлар 2026 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида ХХРнинг China CAMC Engineering, Shanghai SUS Environment, China Everbright Group, Chengdu Environmental Group, Жанубий Корея Республикасининг Sejin ва ҳозир шартнома имзоланган БААнинг Tadweer Group компаниялари иштирокида умумий қиймати 1,28 миллиард долларига тенг бўлган лойиҳалар асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қурилади.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига ташрифи давомида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишганди. Президент бу лойиҳаларни намунавий қилиб, ҳудудларда кўпайтириш муҳимлигини таъкидлаганди.