Салим Абдувалиев спорт курашлари ассоциацияси раҳбарлигидан кетди. Бу маълумотни Олимпия қўмитаси ахборот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади.

У 2017 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимида ҳам ишлаган. Абдувалиев бу лавозимдан ўтган йил кетган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев спорт курашлари ассоциациясининг янги раҳбари этиб сайланди. У 2024 йил 16 август куни Ўзбекистон кураш федерацияси раиси этиб қайта сайланганди.

Салим Абдувалиев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони билан тақдирланган. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Людвиг Нобел премиясининг 2022 йилги мукофотига сазовор бўлган.

2024 йилнинг март ойида 6 йилга озодликдан маҳрум этилган тадбиркор Салим Абдувалиев 2025 йил бошида соғлиғи билан боғлиқ ҳолатига кўра колониядан озод қилинган. ОАВнинг қайд этишича, 74 ёшли «Салимбой» узоқ вақтдан бери касал.

Салим Абдувалиев ҳибсга олингани ҳақида 2023 йил декабрь ойида хабар берилганди. Бу бутун Ўзбекистон бўйлаб «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳлар аъзоларини аниқлаш ва ҳибсга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар доирасида содир бўлган.

2024 йил март ойида суд тадбиркорни Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.