Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси лавозимига Абдужаббор Хусанович Эгамбердиев сайланди, дея хабар бермоқда кенгаш матбуот хизмати.

Абдужаббор Эгамбердиев 1974 йилда Балиқчи туманида туғилган. Мазкур лавозимга тайинлангунига қадар у Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси лавозимида фаолият юритган.

У 2021 йилнинг февраль ойида Андижон тумани ҳокими лавозимига келган. Бунгача Бўз, Улуғнор, Қўрғонтепа туманлари ва Андижон шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи, шунингдек, Андижон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Эгамбердиев 2022 йил сентябрида президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан лавозимидан озод этилган. Маълум қилинишича, бундай қарорга «давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлар» сабаб бўлган.

Бунгача туман ҳокимлиги матбуот хизмати қабулхоналарда ҳоким ва бошқа ҳокимлик вакиллари айвонда ўтиргани, аҳоли улардан бир неча метр нарида, бир даража пастда турган ёки ўтиргани суратларини эълон қилган. Ҳокимлик хабарларида таъкидланишича, қабуллар «инсон қадр-қиммати йўлида» тамойили асосида ташкил этилган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари суратларга изоҳ бериб, ҳокимни «хон» дея аташган.

2024 йилнинг январига келиб Абдужаббор Эгамбердиевнинг 2023 йил февраль ойида судлангани маълум бўлган, бунгача бу ҳақда хабар берилмаган.

У Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229−4-моддаси 2-қисми «а», «б» бандларида (Такроран, суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлган ери бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.

Унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Бироқ 2024 йилнинг январида Олтинкўл туман суди уни муддатидан илгари (1 йил 3 ой 16 кун) масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан шартли озод қилган.