Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ереван ва Вашингтон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги хартияни имзолади. Ҳужжатни имзолаш маросими АҚШ Давлат департаментининг YouTube каналида намойиш этилди.

«Бу Арманистон ва АҚШ муносабатларидаги муҳим ютуқдир. Биз стратегик шериклик бўйича комиссия тузмоқдамиз, у иқтисодиёт, мудофаа, хавфсизлик, демократия каби қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун бир қатор имкониятларни тақдим этади», — деди Блинкен ҳужжатга изоҳ бераркан.

Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, АҚШ «Арманистон суверенитетини мустаҳкамлашни мақсад қилганини» таъкидлади. Бундан ташқари, Арманистон «Ислом давлати»га қарши глобал коалицияга қўшилади.

Сўнгги пайтларда Арманистон Ғарб билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Бу анъанавий равишда яқин ва иттифоқчи деб ҳисобланган Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида содир бўляпти. Жумладан, 2024 йилда Ереван Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) даги иштирокини «музлатиб қўйган» ва ташкилотни молиялаштиришни тўхтатган. 9 январь куни Арманистон ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Аввал иттифоқчи сифатида кўрилган Россия ва Арманистон муносабатлари 2023 йилда сезиларли даражада совуқлашган. Арманистон КХШТнинг бир нечта тадбирларида, жумладан, икки машғулоти ва ноябрь ойида Минскда бўлиб ўтган ташкилот саммитида иштирок этмаган.

Москва томони Арманистонни Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилгани ва АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказгани учун танқид қилган. Ереван томони эса Россия Арманистонга Тоғли Қорабоғ можаросида етарлича ёрдам бермаганини таъкидлайди.

Арманистон Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилганидан кейин Россия Давлат думаси Арманистон ҳайдовчилик гувоҳномаларини мамлакат ҳудудида тан олиниши номаълум муддатга қолдирганди.