Шавкат Мирзиёев БААга расмий ташрифи доирасида 15 январь куни Дубай шаҳрида вице-президент, бош вазир Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда олий даражадаги музокаралар самарали бўлгани ҳамда Ўзбекистон — БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтаргани юқори баҳоланди.
Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш каби соҳаларда фаол мулоқотлар ва самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани қайд этилди.
Томонлар юқори технологиялар, рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа истиқболли йўналишларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олди.
Ўзбекистон етакчиси БААдаги шериклар билан сунъий интеллект соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, Дубайнинг илғор ечимларини шаҳарсозлик соҳасига, жумладан, Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани яратиш доирасида жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар фаол мулоқотни давом эттириш ва амалий шерикликнинг барча йўналишларида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Шу тариқа Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди ва у Тошкентга жўнаб кетди.