Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва бошланғич ва ўрта мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни чекловчи қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Associated Press.

Янги қоидаларга кўра, ўқувчилар смартфонлардан фақат фавқулодда ва хавфли вазиятларда, таълим мақсадларида, шунингдек, ногиронлиги бўлган тақдирда, зарур бўлса фойдаланишлари мумкин бўлади. Чекловлар февраль ойидан кучга киради.

«Биз алгоритмларнинг гуманизм ўрнини босишига йўл қўя олмаймиз», — деди ҳужжатни имзолаш маросимида да Силва.

Бразилия таълим вазирлиги ўз баёнотида қонун «болалар ва ўсмирларнинг руҳий, жисмоний ва психологик саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган»лигини таъкидлади.

Қонун Бразилиядаги барча сиёсий партиялар, шунингдек, кўплаб ота-оналар томонидан у қадар қўллаб-қувватланмади, деб таъкидлайди AP.

  • Май ойида Бразилиянинг етакчи таҳлилий маркази ва Fundacao Getulio Vargas университети ўз тадқиқотларини эълон қилганди, унда айтилишича, Бразилияда инсонлардан кўра кўпроқ смартфонлар мавжуд — 258 миллион қурилма, 203 миллион аҳоли. Маҳаллий бозор тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили бразилияликлар кунига 9 соату 13 дақиқа вақтини телефон экранларига қараб ўтказган — бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.
  • Бразилия мактабларда шахсий мақсадларда мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаган биринчи давлат эмас. Ўтган йили Нидерландия, Франция (6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун) ва Хитой смартфонларга тақиқ қўйган.