UzAuto Motors 16 январь куни Chevrolet Cobalt GX-MIDNIGHT AT автомобиллари хариди учун контрактацияни очади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Компания бу куни аввалги контрактацияда тузилган шартномалар бўйича тўлови белгиланган муддатларда амалга оширилмаган ҳажмлар қайта контрактацияга қўйилишини маълум қилди.

«Автомобилларни харид қилиш учун шартномалар 16 январь куни соат 10:00 дан бошлаб savdo.uzavtosanoat.uz онлайн платформаси ва UzAvtoSavdo иловаси орқали тузилиши мумкин бўлади», — дейилади хабарда.

Компания автомобиль хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов 7 календар кун ичида амалга оширилиши лозимлигини эслатган.

UzAuto Motors 7 январь куни ҳам Cobalt учун контрактацияни очганди. Ўшанда контрактацияга Cobalt GX-MIDNIGHT AT`дан ташқари, нархи бироз арзонроқ комплектация — Cobalt GX-STYLE AT PLUS ҳам қўйилганди.