Ҳудудларда ўтказилган тезкор тадбирларда қўлбола алкоголь маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида фуқаро Ш. С. Жайҳун маҳалласидаги савдо дўконида давлат рўйхатидан ўтмаган турли номдаги жами 279 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйган. Улар ашёвий далил тариқасида олинган.
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида МЧЖ раҳбари Д.Т. харидорга 2 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланган. Ушбу савдо дўконидан 233 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Янгийўл туманида эса фуқаро П.М. яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, қўлбола алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган. Хонадондан «Ўзбегим» номли қўлбола алкоголь маҳсулотлари ва 120 литр спирт ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида 5 нафар эркак қўлбола усулда ясалган спиртли ичимлик ичиш оқибатида ҳалок бўлганди. Андижон вилоятида эса «Ўзбекистон» коньягини истеъмол қилиш оқибатида 22 киши ўткир заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган, улардан 5 нафари вафот этган.