Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 14 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ўзбекистонликларга ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилди, деб хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати. Ҳужжат Сенатга юборилди.
Ўзгартишларга кўра, «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга аҳолини кредитлаш, уларнинг номига кредитлар олиш ва ушбу кредит маблағларини масофадан туриб ўғирлаш кўринишидаги фирибгарлик жиноятларидан ҳимоя қилиш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси декабрь ойида биринчи ўқишда кўриб чиқилаётганда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев бундай ўғирлик ҳолатлари, асосан, онлайн кредитлар билан кўпаяётганини таъкидлаганди. «Газета.uz»нинг аниқлашича, 2023 йилда 2790 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз 19 миллиард сўмлик кредитлар берилган, жорий йилнинг саккиз ойида эса 874 нафар жисмоний шахс жабрланган, уларга 36,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Қонунга кўра, кредит олиш учун ариза беришни ихтиёрий равишда рад этиш механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар реестрини яратиш назарда тутилмоқда.
Яъни жисмоний шахс бундай операциялар билан боғлиқ фирибгарлик ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадида кредит бюросига ўз номидан кредит шартномасини унинг иштирокисиз ёки хабардорлигисиз амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин бўлади. Ушбу хизмат кредит олиш ёки мижознинг пул маблағлари билан операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклаш учун мўлжалланган.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки ушбу тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали электрон шаклда, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки тақиқни бекор қилиш ихтиёрий равишда амалга оширилади
Дастлаб ушбу хизматларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда пуллик асосда кўрсатиш таклиф қилинган эди. Бироқ ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар ушбу қоидани ўзгартирди — энди хизмат бепул бўлади.
Реестрни юритиш кредит бюролари зиммасига юкланади, банклар ва нобанк кредит ташкилотларига реестрни текширмасдан мижозлар билан битимлар тузиш тақиқланади. Яъни потенциал қарз олувчига кредит беришдан олдин молия институтлари, биринчи навбатда, мавжуд чекловларни текшириши ва шундан кейингина кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Агар бундай шартнома жисмоний шахснинг хабардорлигисиз тузилса, кредит шартномаси бўйича юзага келадиган ҳуқуқий оқибатлар учун банклар, нобанк кредит ташкилотлари ёки микромолия ташкилотлари жавобгар бўлади.
Қонунда МБ кредит бюроларига нисбатан қўллаши мумкин бўлган санкциялар ва чоралар ҳам баён этилган. Ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида мажбурий фармойишлар юбориш ва БҲМнинг 5000 баравари (1,875 миллиард сўмгача) миқдорда жарима солиш шулар жумласидан.
Кредит бюроларининг устав капитали камида 2 миллиард сўмни ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 та кредит бюроси фаолият кўрсатмоқда. Kredit-axborot tahliliy markazi’нинг устав капитали 12,8 миллиард сўм бўлиб, улуши 26 та тижорат банки ва Ўзбекистон банклари ассоциациясига тегишли. «CRIF кредит ахборот хизматлари» 6 та банк акциялари билан 23,8 миллиард сўмлик кўрсаткичга эга.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда АҚШ, Қозоғистон, Россия, Сингапур тажрибаси ўрганилган. Банк хизматларини рақамлаштириш кредит олиш имкониятини соддалаштирса-да, бир вақтнинг ўзида ўғирлик хавфини туғдиради, шу сабабли хорижий мамлакатларда ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш жорий этилмоқда, деди МБ раҳбари ўринбосари.
МБ 1 январдан бошлаб бир мижозга бериладиган банк карталари сонини вақтинча чеклаганди. Энди бир банкда 5 тагача, жами эса 20 тагача, шу жумладан, виртуал ва кобейджинг карталарини (валюта карталаридан ташқари) олиш мумкин. Агар бир йил давомида картадан фойдаланилмаса, банклар уларни блоклайди.