Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи икки нафар фуқаро халқаро наркотрафик ва гиёҳвандлик моддалари контрабандасида иштирок этганликда айбланиб судланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи Д.А. ҳозирда жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратиб олинган шахснинг топшириғига кўра, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманига бориб, наркосавдогардан аввалдан 100 минг долларга сотиб олишга келишилган 20 кг. 747 гр. опий моддаси учун 20 минг доллар берган.
Сўнгра гиёҳвандлик воситасини икки давлат чегарасига яқин бўлган жойга етказиб бериши кераклигини айтиб, Ўзбекистонга қайтган.
Орадан бир кун ўтиб, Д.А. ўзининг жиноий шериги бўлган Тожикистон фуқароси С.М. билан айланма йўллар орқали Панжикент туманига борган ва келишилган манзилга наркокурьерлар етказиб берган 20 кг. 747 гр. опийни қабул қилиб олиб, Ўзбекистон ҳудудига қайтиб ўтган вақтларида, қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тергов жараёнларида ушбу ноқонуний ишга Ургут туманида яшовчи Ж.Р. ҳам алоқадорлиги маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан фуқаролар Д.А. ва С.М. Жиноят Кодексининг 25,273 (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш), 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 246-моддаларида (Контрабанда) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 16 йил 6 ой муддатга, фуқаро Ж.Р. эса ЖКнинг 28,25,273 ва 28,246-моддалари билан айбдор деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.