15 январь куни эрталаб Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида қутқарувчилар канализациядан чиқолмаётган 2 нафар фуқарони қутқарди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Тутзор маҳалласи ҳудудидаги йўл ёқасида жойлашган канализация қудуғига «Сув Оқова» МЧЖнинг 2 нафар ходими тозалаш мақсадида тушган. Улар қудуқдан қайтиб чиқа олмаган ва ФВБга хабар берилган.
Маълум бўлишича, чуқурлиги 3 метр, диаметр 1 метр бўлган қудуқнинг сув ўтиш йўлига тиқилиб қолган чиқиндиларни тозалаш мақсадида 1 нафар ишчи тушган ва сув кўпайиб кетиб, сув ютиши оқибатида тоби қочган ҳамда чиқа олмай қолган. Унга ёрдам бериш мақсадида тушган шериги ҳам канализацияда қолиб кетган.
Қутқарувчилар махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида фуқароларни қутқариб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага юборган. Ҳозирда улар шифокорлар назоратида бўлиб турибди.