14 январь куни Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясининг ҳам навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Унда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Отабек Умаров бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Спортнинг ўйин турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби мутасаддилари, федерация раёсати, фахрийлар ва мураббийлар штаби қатнашди.

Конференция кун тартибига мувофиқ, федерация раиси ўринбосари Ринат Ахмадулин томонидан 2021−2024 йилларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилди. Шундан сўнг конференция доирасида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда федерация Ижроия қўмитаси томонидан спорт вазири ўринбосари Каримов Авазжон Қудратуллаевич номзодини мамлакат чим устида хоккей федерацияси раислигига илгари сурилди.

Иштирокчилар номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Авазжон Каримов Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси этиб сайланди. Тадбирда сўз олган Авазжон Каримов билдирилган ишончли оқлашга, келгусида мамлакатда мазкур спорт ривожини янада ошириш йўлида бор кучини ишга солишини билдирди.

Шундан кейин федерация бош котиби Санъатилла Ғуломназаров Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича тақдимот билан таништирди. Бунда аввало, мамлакат бўйлаб ушбу спорт оммавийлигини ошириш, терма жамоалар учун кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш, хорижлик мураббийлар жалб этиш асосий мақсад эканини билдирди.

Ўз навбатида, Адҳам Илҳамович пойтахтда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасида 2 та чим устида хоккей майдони қурилаётгани ушбу спорт ривожи йўлида катта туртки бўлишини қўшимча қилди, дейилади хабарда.

Тадбир якунида Отабек Муҳаммадалиевич жамоавий спорт турларига янада кўпроқ эътибор қаратилиши, мавзкур йўналишда Олимпиада йўлланмаларига эга чиқиш устувор мақсадлардан эканини таъкидлаб, федерациянинг янги раҳбариятига омад тилади.