15 январь куни Исроил ва ҲАМАС Ғазодаги жангларни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштириш бўйича келишувга эришди, деб хабар бермоқда Reuters.
Бу Яқин Шарқни остин-устун қилиб юборган 15 ойлик урушнинг эҳтимолий якунига йўл очади, дея таъкидлайди агентлик. Келишув Миср ва Қатар воситачилигида, Қўшма Штатлар кўмагида бир неча ой давом этган музокаралардан сўнг ва АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурацияси арафасида имзоланди.
Келишув ҳақида «яқин соатларда» расман эълон қилинади, дея ёзмоқда The Times of Israel. Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Яқин Шарқдаги гаровга олинганлар бўйича келишувга эришилгани, улар тез орада озод қилинишини таъкидлади.
Исроилнинг Ғазодаги кампанияси, Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 46 000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва анклавни вайронага айлантирди, юз минглаб одамлар қишки совуқда чодирларда ва вақтинчалик бошпаналарда жон сақлади.
Исроилда гаровга олинганларнинг қайтарилиши бош вазир Биньямин Нетаньяҳу ва унинг ҳукуматига нисбатан жамоатчиликнинг 7 октябрь куни хавфсизликни таъминлашдаги муваффақиятсизлиги туфайли мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли кунга олиб келган ғазабини бироз юмшатиши мумкин, деб таъкидлади Reuters.
Ўз навбатида, можаро Яқин Шарқ бўйлаб тарқалди, Ливан, Ироқ ва Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган вакиллар фаластинликлар билан бирдамликда Исроилга ҳужум қилди.