Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 январь куни бўлиб ўтган мажлисида фуқаролар йиғини раислари — маҳалла раисларининг ваколат муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди, дея хабар қилмоқда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Депутат Абдулла Аслановнинг айтишича, қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар ташаббуси доирасида президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги қарори, шунингдек, президент администрациясининг 2024 йил 31 декабрдаги хати асосида ишлаб чиқилган.
Ўзгартиришларга мувофиқ:
- фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати уч йилдан беш йилга ўзгартирилади;
- фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали раис беш йил муддатга сайланади;
- Сенат кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ўтказилади;
- фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг сайловни ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари ҳудудий комиссияларига ўтказилади;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номи Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартирилади.
Депутат Абдулла Асланов фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайлов механизмлари нуқтаи назаридан Япония, Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Исроил, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг хорижий тажрибаси ўрганилганини таъкидлади.
Депутатлардан бири маҳалла қўмиталари раислари сайлови қайси манбалардан молиялаштирилишини сўради. Абдулла Асланов маҳалла раисларининг навбатдаги сайлови 2025 йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланиб, ушбу сайловни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети сметасига киритилганини айтди.
Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш учун 134 нафар депутат уни қўллаб-қувватлади, 1 нафари бетараф қолди, қарши овозлар бўлмади.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоиловнинг айтишича, қонунда асосан техник ўзгартиришлар мавжуд ва уни истисно тариқасида бирданига уч ўқишда қабул қилиш таклиф қилинган.
«Очиқ айтишимиз керакки, ҳозирда бизда олдинда 40 дан ортиқ қонунимиз бор. Иложи борича тезроқ қабул қилсак, қонунларимиз камайиб борарди», — деди у.
Депутатлар биринчи ўқишдаги каби овоз берди ва қабул қилинган қонун Сенатга кўриб чиқиш учун юборилди.