Россия томонида Украинага қарши курашган Ўзбекистон фуқаросининг жазоси ҳукмдан 19 кун ўтиб енгиллаштирилди. «Газета.uz» суд қарори билан танишди.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани суди 2024 йил 31 октябрда ушбу шахсни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) ва 223-моддаси 2-қисмининг «а», «б» ва «в» бандлари (Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ёриб ўтиш йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан айбдор деб топди. Бунинг учун суд уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди ва суд залида ҳибсга олди.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчи уришаётган давлат фуқароси бўлмаган, шахсий моддий манфаатларини кўзлаб, бошқа давлат томонида жанговар ҳаракатларда қатнашишга жалб қилинган.
Айбланувчи 2024 йил 19 февралда мавсумий ишлаш учун самолётда Бухородан Санкт Петербургга келган. У ердалигида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ва РФ қуролли кучларида бир йил давомида пул мукофоти эвазига ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятини олган.
22 февраль куни у шартнома имзолаган ва Украинага қарши урушда Россия томонида ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга рози бўлган. Шундан сўнг у Ростов вилоятидаги ҳарбий полигонга етиб келган ва у ерда ўқотар қуроллардан фойдаланиш бўйича 11 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
12 март куни айбланувчи ҳарбий кузатув остида бўлган вақтида чегарани кесиб ўтган ва тан олинмаган Луганск Халқ Республикаси ҳудудига олиб кетилган ва у ерда ҳарбий тайёргарликни давом эттирган. Суд қарорида 2022 йил март ойида Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ҳамда Луганск ва Донецк Халқ республикаларини (ЛХР ва ДХР) тан олмаслигини айтган собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловдан иқтибос келтирилади.
28 март куни эркак ДХРнинг Новомихайловка қишлоғидаги жанговар ҳудудга жўнатилган. 31 март куни бўлиб ўтган жангларда у дрон портлаши оқибатида яраланган ва Россиянинг Волгоград вилоятидаги ҳарбий госпиталга даволаниш учун олиб кетилган. Унинг ўнг елка суягида, пастки ўнг елкасининг олд томонида ва ўнг тирсагининг ташқи томонида портлаш оқибатида жароҳатланган чандиқлар бор.
Айбланувчи 12 июль куни Ўзбекистонга қайтиб келган ва 15 июль куни ўз ихтиёри билан Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бошқармасига қилган ишига иқрорлиги ҳақида мурожаат қилган.
Апелляция шикоятида адвокат судланувчининг ҳаракатларида чегарани ноқонуний кесиб ўтиш жинояти аломатлари йўқлигини таъкидлаган. У судланувчи билан биргаликда унинг оилавий аҳволи (ягона боқувчи, вояга етмаган болалари бор), судланувчининг соғлиғи (онкологик касаллик ва жароҳатлар), муқаддам судланмагани, айбига иқрорлиги ва жиноятни очишдаги ёрдамини ҳисобга олган ҳолда айблов таркибидан ушбу моддани чиқариб ташлашни сўради.
Шунингдек, адвокат ва судланувчи Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми билан озодликни чеклаш тарзидаги жазо тайинлашни ва судланувчини қамоқдан озод қилишни сўради.
19 ноябрь куни (биринчи инстанция судининг ҳукмидан 19 кун ўтиб) Қашқадарё вилояти суди апелляция инстанцияси жазони қайта кўриб чиқиб, амалдаги жазони шартли жазо билан алмаштирди ва икки йиллик синов муддатини белгилади.
Аввал ҳам Украинага қарши урушда Россия томонида қатнашган Ўзбекистон фуқаролари устидан суд жараёнлари ҳақида ёзилган. Қуйида ушбу материалларга ҳаволалар мавжуд.