Марказий банкнинг нақд пул муомаласи бўйича таҳлилидан маълум бўлишича, 2024 йил якунига кўра, жами пул массасидаги нақд пул улуши янада камайган.
1 январь ҳолатига жами пул массаси (М2, муомаладаги нақд пул ва нақдсиз маблағларни ўз ичига олади) йил давомида 30,6% га ўсган ҳолда 277 триллион сўмни ташкил этди. Нақд пул ҳажми (М0) йил давомида 15,2% га — 46 триллиондан 53 триллион сўмгача ўсди.
Муомаладаги нақд пул улуши 2,3 фоиз пунктига — 21,5% дан 19,2% га (2022 йилда 22,3% бўлганди) камайди. Таққослаш учун: Россияда бу кўрсаткич 15% атрофида.
Ўтган йил давомида банкларга жами нақд пул тушумлари ҳажми 840 триллион сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26% га кўп бўлди. Нақд пул тушумларининг улуши 62% дан 60% гача камайди, терминаллар орқали эса 38% дан 40% гача ошди.
Банкларнинг нақд пул айланмаси ҳажми 1 квадриллион сўмдан ўсди (1011 триллион сўм). Нақд пул тушуми 501 триллион сўмга, берилган нақд пуллар 510 триллион сўмга етди. Нақд пулнинг банк кассаларига берилиши ва қабул қилиниши ўртасидаги фарқ МБ томонидан қопланиб, қўшимча равишда 10,3 триллион сўм нақд пул муомалага киритилди.
Ушбу даврда банк карталарига 1034 трлн сўм (+31%) ўтказилди. Шундан 226 трлн сўми (+19,6%), жумладан, банкоматлар орқали (улуши — 83,6%) нақд пул ўтказилди. Умуман олганда, картадан нақд пул ечиб олиш улуши 23,3% дан 21,8% гача (2022 йилда — 26,9%) камайди, яъни картадаги пул камроқ нақдлашмоқда.
Банк кассаларидан нақд хорижий валютани сотиб олиш учун қилинган нақд пул харажатларининг улуши 22% дан 24% гача — 91,7 триллиондан 122,4 триллион сўмгача (бир йилда +33,4%) ўсди.
Апрель охирида Ўзбекистон ҳукумати нақд пулдан фойдаланишни камайтириш мақсадида яширин иқтисодиётга қарши кураш чораларини ишлаб чиқаётгани маълум бўлганди. Кўчмас мулк ва автомобиль олди-сотдиси, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва бошқалар нақдсиз шаклга ўтказилиши мумкин.