«Ўзтемирйўловчи» акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Фозилбек Машарипов «Афросиёб» чипта нархлари қимматлигига эътироз билдираётган одамларга арзон поездлардан фойдаланишни тавсия қилди. У бу ҳақда Daryo`га берган интервьюсида гапирди.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 1 февралдан бошлаб «Афросиёб» билетлари 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» билетлари 30 фоизга ва ётоқли поездларники 10,5 фоизга кўтарилишини маълум қилган.

Мисол учун, Тошкент — Самарқанд йўналишида шу пайтгача «Афросиёб»нинг эконом классида 245 минг сўмга борилган бўлса, энди бунинг учун 294 минг сўм тўланади.

Журналист суҳбат якунида компания вакилидан нархларнинг ошишига эътироз билдираётган халққа нима деган бўлишини ва буни қандай қабул қилиш кераклигини тушунтиришни сўраган.

«Биринчидан, аҳолимиз бу масалага тўғри ёндашиши керак. Агар биз йўловчи поездларимиз нархини оширмасак, йўловчиларимиз, қўпол қилиб айтганда, фақатгина автотранспортдан фойдаланишлари мумкин бўлиб қолади. Чунки вагонларимиз эскириб бўлади, муддати тугайди, мавжуд поездларимизнинг хизмат кўрсатиш ва кредит тўлаш имконияти бўлмайди», — деди у

Машарипов сўзида давом этаркан, давлатни ривожлантириш учун ҳамма бирга курашаётгани ва охиригача бу ривожланишга хисса қўшиш учун нархлар кўтарилишидан норози бўлиши керак эмаслигини таъкидлаган.

«Комфорт вагонларда юриш истагида бўляпмиз барчамиз. Давлатимизни ривожлантириш учун ҳаммамиз бирга курашяпмиз. Демак, охиригача бу ривожланишга ўз ҳиссамизни қўшиш учун, биринчидан, аҳолимиз бундан норози бўлиши керак эмас. Иккинчидан, баланд нархли поездларимиздан норози бўлишса, марҳамат, бизда оддий поездларимиз ҳам ўша жойга боради. Самарқанд, Бухоро ёки Хивага. „Афросиёб“ поездимиз борадиган жойга оддий ва арзон поездаримиз ҳам боради. Давлат томонидан бу йилдан бошлаб субсидияланиши белгиланган. Марҳамат, арзон поездларимизда юриб тегишли хизматлардан фойдаланишлари мумкин», — деди «Ўзтемирйўловчи» компанияси бўлим бошлиғи Фозилбек Машарипов.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 10 октябрдаги президентнинг темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилишга оид қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда йўловчи ташиш хизматлари учун давлат тарифлари бошқаруви амалиёти тугатилган ва уларни бозор тамойиллари асосида бошқариш механизми жорий этилган.

Ўшандан бери тарифлар бир неча бор, хусусан, 2023 йил 1 ноябрда, 2024 йил 20 январда ва 2024 йил 15 майда кўтарилганди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида илгари зарар билан ишлаган «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2024 йилда 30 млрд сўм фойда билан чиқиши кераклиги маълум қилинган эди.