Давлат солиқ қўмитаси 2025 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар 4,4 млн нафардан ошганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 76,5 фоизга (1,9 млн нафарга) кўп ҳисобланади.


Инфографика: Давлат солиқ қўмитасиИнфографика: Давлат солиқ қўмитаси

Йил давомида соҳалар кесимида ўсиш қуйидагича бўлган:

  • маиший хизматлар — 104,3 фоиз (+976 минг нафар, 2025 йил 1 январь ҳолатига 1 млн 912 минг нафар);
  • ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш — 94,6 фоиз (+203,1 минг нафар, 417,8 минг нафар);
  • ахборот-коммуникация — 87 фоиз (+55,7 минг нафар, 119,7 минг нафар);
  • ижтимоий йўналишдаги хизматлар — 55,9 фоиз (+178,2 минг нафар, 496,9 минг нафар);
  • қишлоқ хўжалиги хизматлари — 53,6 фоиз (+386 минг нафар, 1 млн 106,5 минг нафар);
  • саноат хизматлари — 49,6 фоиз (+138,9 минг нафар, 418,9 минг нафар).

Қўмита берган маълумотларга кўра, ўзини ўзи банд қилганларнинг 58 фоизи эркаклар, 42 фоизи эса аёллар ҳисобланади.

Енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти бўйича рўйхатдан ўтган фуқаролар сони 707,3 минг нафарни ташкил этган. Шундан 450,5 минг нафари 2024 йилда рўйхатдан ўтган. Давлат солиқ қўмитаси аввалроқ 2024 йилда Ўзбекистонда расмий такси бозорининг ҳажми 5,89 трлн сўмга етганини маълум қилганди. Бир қатнов учун ўртача тўлов 18 456 сўмни ташкил қилган. Йил давомида деярли 320 млн сафар амалга оширилган бўлиб, уларнинг 23,7 фоизи карта орқали тўланган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ўзини ўзи банд қилган шахслар Самарқанд вилоятида (508,1 минг нафар) рўйхатдан ўтган.