15 январь куни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖда ўтган матбуот анжуманида ташкилот раҳбари ўринбосари Рустам Шамурадов ва Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов Тошкентга олиб келинадиган янги автобуслар билан боғлиқ режалар ҳақида маълумот берди. «Газета.uz» тадбирни жонли тарзда YouTube`да эълон қилди.

Шаҳар транспорт бошқармаси раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида яна 1000 та автобус хариди учун эҳтиёж бор. Аввалроқ, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов президент топшириғи билан 2025 йилда қўшимча 1000 та автобус харид қилиш режалаштирилаётганини айтганди. Янги автобуслар жойлаштириладиган йўналишлар ҳам чизилган. Баҳор ойларида улардан 200 та электробус келтирилиши режалаштирилган.

«2023 йилда бизга 164 та йўналиш етарли деб ўйлардик. Ҳозирги кунда ҳаракатланаётган аҳолининг 35 фоизини жамоат транспорти билан қамраб олганмиз. Бизда яна 1000 та автобус олишга эҳтиёжимиз бор экан. Ҳозирги кунда 200 та электробус (сотиб олиш) бўйича танлов масалалари ишлари кетяпти. Апрель-май ойларида уларни олиб келиш масаласини жойига қўямиз», — деди Миракбар Икрамов.

Автобуслар етказилгач, 32 та янги йўналиш очиш эҳтиёжи келиб чиқади. Ҳозирги кунда Тошкентнинг четидан шаҳарга келувчиларнинг сони 1,5 млн нафардан ошган. Бунда Тошкентнинг четини ҳам назарга олишимиз керак, дея қўшимча қилди у.

«Тошшаҳартрансхизмат» вакилининг айтишича, шаҳар майдони, аҳолиси, ҳар юз минг аҳолига тўғри келадиган автобуслар сони анализидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида 3000 та автобус бўлса етарли бўлади. Ҳозир АЖ тасарруфида 1847 та автобус бўлса, кунлик ишга чиқаётган автобуслар сони 1557 тага тенг.

Миракбар Икрамов автобус олиб келингани билан иш битиб қолмаслиги, транспортни қувватлаш, унинг электр-энергияси, газ заправкаси, гаражи каби инфратузилма муаммолари борлигини таъкидлади. Янги автобуслари олиб келинадиган бўлса, яна камида 3 та автобус саройи қуришга зарурат бўлади. Ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» тасарруфида 8 та автобус саройи бор. Аввал Isuzu каби кичик ҳажмдаги автобуслар ҳаракатлангани ҳисобига 2 минг 300 тадан ортиқ автобуслар саройларга сиғарди. Ҳозир уларнинг ҳажми катталашгач, унга 1800, узоғи билан 2 мингта автобус сиғдира оламиз, дея тушунтирди у.