15 январь куни Абу-Даби шаҳридаги «Қаср аш-Шати» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон президенти БАА президентига ташриф билан келиш таклифи ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-БАА дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини, шу жумладан, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларда янада ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилди.
Етакчилар иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан сунъий интеллект, рақамлаштириш, «яшил» энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олди. Ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилди.
Томонлар 2025−2027 йилларни «Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври» деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар. Шу маънода, 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди.
Ўзбекистон икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва БАА компанияларининг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Муҳаммад бин Зоид номидаги университет билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича қўшма дастурни ишга туширишни таклиф этди.
Музокаралар давомида бўлажак олий даражадаги тадбирларга, шу жумладан жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашди.