«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ автобус бошқарувчи аёл ҳайдовчилар сонини оширишни режа қилмоқда. Бу ҳақда 15 январь куни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖда ўтган матбуот анжуманида ташкилот раҳбари ўринбосари Рустам Шамурадов ва Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов айтиб ўтди. Тадбир «Газета.uz»нинг YouTube каналида жонли эфирга узатилди.

Ҳозирги кунда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖдаги автобус ҳайдовчилари орасида 2 нафар аёл ҳайдовчилар бор. Улар 67- ҳамда 51-сонли автобус йўналишида ишлайди. Ташкилот 2 нафар аёл ҳайдовчи билан чекланиб қолмаслигини маълум қилди.

«Биз бу йўналишда тўхтаб қолганимиз йўқ. Аёл ҳайдовчиларни жалб этиш масаласи устида бош қотиряпмиз. Уларнинг сонини кўпайтириш режамиз бор. Бунга гендер тенглиги масаласидан ташқари, уларнинг характерини кўриш имконимиз бор бизда. Аёллар транспортни тартибли бошқаришини кўрдик», — деди Транспорт бошқармаси раҳбари.

Ҳозир ишлаётган икки нафар аёлнинг автобусни бошқариш сифати ташкилотга ёққан. Улар камроқ қоидабузарликка йўл қўйишади, йўлда телефондан фойдаланмайди. Қолаверса, айтилган вақтда ишга чиқади, айтилган вақтда қайтади", — деди «Тошшаҳартрансхизмат» вакили.

Айтилишича, ташкилот ҳозир «D», «E» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бор аёлларни ишга олиш ниятида. Лойиҳаларимизга кўра, 2025 йилнинг ўзида 500 нафар аёлларни ҳайдовчиликка тайёрлаб, 200 та автобусда ишлатиш режамиз бор, деди Рустам Шамурадов.