24 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани суди қизни уриб кетиб ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» суд қарорини ўрганди.
Сентябрь ойида Самарқанд Дарвоза кўчасида Gentra (Lacetti) ҳайдовчиси катта тезликда ҳаракатланиб, пиёдалар ўтиш жойида 19 ёшли қизни уриб юборганди. Марҳумнинг отаси ва воқеа гувоҳининг хабар беришича, ҳайдовчи унинг машинаси «мурда ташувчи эмас»лигини айтиб, уни касалхонага олиб боришдан бош тортган. Қизнинг яқинларидан бири бундай ЙТҲларда автомобилларни мусодара қилишни таклиф қилган.
«Фариштадай қизимнинг бошини еди. Инсоф, виждони йўқ экан. Ота-онаси таъзияга келиб, бир оғиз кўнгил сўрамади. Йигит озодликда юрганмиш… Ўша ердаги битта, иккитаси айтди, у „машинам труповозка эмас“ деб айтган эмиш. Ғалати гапирган-да, унинг нима ҳаққи бор? Эртага ўзининг ўлиги кўчада хор бўлсин… Қизим 19 ёшда эди, август охирида туғилган кунини ўтказган эдик… [Оламдан] ўтганини ҳали ҳам англаганим йўқ. Укаси гапира олмаяпти. Синглиси икки-уч кундан бери овқатлангани йўқ, мажбурлаб овқатлантиряпмиз. Уйда онам, яна учта фарзандим ва аёлим бор. 5 кишини тинчлантириб, ухлатгунимча бомдодга азон айтяпти… У айб қилдими, жазо олиши шарт… Яна ўтиб, [ёрдам бериш ўрнига] чекишига бало борми», — деганди ўшанда марҳумнинг отаси Акмал Сулаймонов.
Иш материалларига кўра, 28 ёшли Муродилла Забихуллаев таниши номига расмийлаштирилган Lacetti автомашинасини ишончнома орқали бошқарган. Қайд этилишича, 18 сентябрь куни у 50 ва 30 км/соат тезликни чекловчи йўл белгилари талабларига риоя қилмаган, шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларининг бир қатор бандларини бузган, жумладан, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган.
Чорраҳага катта тезликда яқинлашаётганда (белгиланган чегарага қарамай, 112,7 км/соат тезликда) тўхтаб турган Matiz’ни айланиб ўтишга уриниб, йўналишини ўзгартирган. Айбланувчи пиёдалар ўтиш жойида йўлни кесиб ўтаётган қизни уриб юборган. У олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, воқеа содир бўлган вақтда автомобиль бошқарувини йўқотиб қўйгани ҳақида кўрсатма берди. Унинг тушунтиришича, у Matiz’ни кўриб, тўхтамоқчи бўлган, бироқ ғилдираклари сирпанчиқ ерда носозликка учраб, машина қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва у ерда пиёдани уриб кетган.
Унинг сўзларига кўра, тўқнашувдан кейин у машинадан тушиб, ҳушсиз ётган жабрланувчининг олдига югурган. У биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган, шундан сўнг воқеа жойига тез ёрдам чақирган. Унинг айтишича, бу вақтда атрофга нотаниш одамлар тўплана бошлаган, улардан бири пиёдани касалхонага олиб боришни таклиф қилган. Ҳайдовчи шок ҳолатида бўлгани ва машинани бошқара олмаслигини тушунтириб, атрофдагилардан транспорти борлардан қизни касалхонага олиб боришини сўраган.
Забихуллаевга кўра, ички ишлар ходимлари кейинги қонунбузарликларнинг олдини олмоқчи бўлиб, марҳумнинг отаси ва яқинларига қизини уриб юборган ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетганини айтиб, ёлғон гапирган. Ҳайдовчи қилмишидан пушаймонлигини билдириб, бундай ҳодисалар бошқа такрорланмаслигига ишонтирди. У суддан жазони қисқартиришни сўради.
Эркак, шунингдек, ўша пайтда қизнинг оғзидан қон оқиб чиқа бошлаганини ва у нафас олишни тўхтатганини таъкидлади. Кейинроқ, ҳайдовчининг сўзларига кўра, тиббиёт ходимлари оилавий поликлиникадан чиқиб, унинг вафот этгани ҳақида хабар берган.
Марҳумнинг отаси Акмал Сулаймонов суддан айбланувчидан оиласига етказилган маънавий ва моддий зарар учун товон ундиришни, шунингдек, автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир умрга маҳрум қилишни сўради. Шунингдек, у Забихуллаевга қонунда белгиланган энг қаттиқ жазони беришни сўради.
Олдинроқ воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, воқеа содир бўлганидан кейин қиз бир муддат тирик бўлган, ҳайдовчи уни касалхонага олиб боришдан бош тортган. Тез ёрдам келгунига қадар у вафот этган. «Ҳайдовчи қизни уриб юборгандан сўнг машинасидан тушди-да, „ўликни машинамга ортмайман“, деди. Ҳайдовчида афсусланиш ҳам йўқ эди. Агар у зудлик билан ёрдам берганда, балки қиз тирик қолармиди», — деганди гувоҳлардан бири.
Бироқ суд мажлисида гувоҳлардан бири ҳайдовчининг қизни ташишдан бош тортганини эшитмаганини айтди. Гувоҳ ҳайдовчи айтган Matiz’ни ҳам кўрмаганини таъкидлади.
Яна бир гувоҳнинг айтишича, ўша куни у йўл четида ҳушсиз ётган пиёдани кўрган. Унинг сўзларига кўра, яқин атрофда ҳайдовчи ёрдам сўраб бақираётган бўлган. У жабрланувчига яқинлашиб, ўнг қўлидаги пульсни текширган ва йўқлигини аниқлаган. Аёл биринчи ёрдам кўрсатмоқчи бўлган, бироқ қизнинг оғзидан қон оқиб чиқа бошлаган, шундан сўнг у икки марта хириллаб, вафот этган.
Гувоҳнинг қайд этишича, оғир тан жароҳатлари туфайли жабрланувчини қимирлатиб бўлмаган, шунинг учун у атрофидагилардан унга тегмасликни ва тез ёрдам келишини кутишни сўраган. Аёл жасадни чойшаб билан ёпган ва маҳаллий клиника ходими билан бирга нотаниш одамларни воқеа жойига яқинлаштирмаган.
Унинг сўзларига кўра, у ҳайдовчининг: «Ўликни машинамга ортмайман ва қизга ёрдам бермайман» деганини эшитмаган, дейилади суд қарорида.
Судья Хасан Очилов Муродилла Забихуллаевни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситаларида ҳаракатланиш ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш / муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топди ва 3 йил муддатга автомашинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил қамоқ жазосини белгилади.
Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли такроран содир этилган ўғирлик) бўйича ўталмаган жазони инобатга олиб, суд З.Забихуллаевга 6 йил 24 суткага озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимли колонияда ўташни тайинлади.
Қайд этилишича, у 2023 йил август ойида Тошкент вилоятида фуқароларнинг от ва қорамолларини ўғирлагани учун 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Аммо Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли жазо) қўллаган ҳолда жазо 3 йил синов муддатига ўзгартирилган.