Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ишдан олинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестициялар бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари матбуот котибининг маълум қилишича, йиғилишда айрим туман ҳокимлари инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйгани қайд этилди.

Хусусан, ҳудудида инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, 2024 йили Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот туманларида инвестиция 15 млн долларга ҳам етмаган. Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари, Оҳангарон шаҳрида экспорт камайган. Ушбу 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Январь ойи бошида Маҳмудалиевнинг бошқа ишга ўтиши ва ўрнига янги ҳоким тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳокимлик эса буни рад этганди.

Акмалжон Маҳмудалиев 1974 йилда туғилган. У 1995 йилда Самарқанд кооператив институтининг бухгалтерия ҳисоби факультетини, 2005 йилда Тошкент кимё-технология институтининг дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультетини тамомлаган.

2009−2013 йилларда Давлат дон инспекцияси Фарғона ҳудудий бўлими бош давлат дон инспектори, 2013 йилдан 2018 йилгача Давлат дон инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2018 йилдан 2022 йилнинг майигача Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокими, ўша йилнинг майидан ноябригача Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган.

Маҳмудалиев 2022 йилнинг ноябрида мазкур лавозимдаги Ғофиржон Мирзаевнинг ўрнини эгаллаганди. У эса президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.