14 январь куни IT Park бош директори Фарҳод Ибрагимов ва Эстониянинг Bolt компанияси жамоатчилик ва давлат органлари билан алоқалар бўлими раҳбари Юлия Малич ўртасида музокаралар ўтказилди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистонда стартаплар экспертизасини ошириш ва технологияларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.
Bolt Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонни ўрганмоқда. Компания давлат органлари, Рақамли ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, дейилади хабарда.
IT Park вакиллари Bolt дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон IT истеъдодларини жалб қилиш, шунингдек, мамлакатда потенциал бэк-офисни очиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди. Хусусан, Фарҳод Ибрагимов фаолият юритиш учун зарур ресурслар, жумладан, ходимларни танлашда ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Таъкидланишича, Юлия Малич Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган бозорига қизиқиш билдириб, компания учун ушбу минтақа устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди.
«Аҳолининг тез ўсиши, ёш мутахассисларнинг кўплиги ва рақамли технологияларнинг фаол ривожланиши Ўзбекистонни янги инвестициялар ва инновацион ечимларни ишлаб чиқиш учун жозибадор қилмоқда», — деди у.
Учрашув давомида қўшма тадбирлар, хусусан, Bolt мутахассислари ўз тажрибаларини бўлишадиган ўқув маҳорат дарсларини ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Компаниянинг Ўзбекистонга фаол жалб этилиши ва экспертизаси маҳаллий стартаплар ва технологик компанияларни ривожлантириш, уларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш учун янги имкониятлар яратади, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Bolt супер илова бўлиб, у йўловчи ташиш, етказиб бериш, шунингдек, автомобиль, электросамокат ва велосипедлар ижараси билан шуғулланади. Унинг хизматларидан Европа ва Африканинг 50 дан ортиқ мамлакатидаги (600 дан ортиқ шаҳар) 200 миллиондан зиёд мижоз фойдаланади.
Компания 2013 йилда Эстониянинг Таллин шаҳрида таъсис этилган ва дастлаб Taxify номи билан машҳур бўлган. 2019 йилда у номини Bolt`га ўзгартирган.