16 январь куни Буюк Британия ва Украина Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг Киевга ташрифи чоғида 100 йил муддатга сиёсий ҳамкорлик, эркин савдо ва стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолади, деб ёзмоқда РБК Украина.
Ҳужжат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Украинанинг НАТОга аъзолиги бўйича консенсусга эришиш, иқлим ва тоза энергияга ўтиш, иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, одил судлов, фан соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқалардан иборат 10 та бандни ўз ичига олади. Ўз навбатида, у Болтиқ, Қора ва Азов денгизларида хавфсизликни кучайтириш учун янги тузилма орқали мамлакатларнинг ҳарбий ҳамкорлигига ҳисса қўшади.
Стармер, шунингдек, 2025 йилда Буюк Британия Украинага Дания томонидан молиялаштирилган янги мобил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини етказиб беришини ва украиналик ҳарбийларни ўқитишни давом эттиришини билдирди. Қарийб уч йил ичида Буюк Британияда Украинадан 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи тайёргарликдан ўтди.
Бундан ташқари, Стармернинг сўзларига кўра, Буюк Британия Украинага ҳарбий ёрдам учун аллақачон уч миллиард фунт стерлинг ажратган ва музлатилган Россия активлари бўйича фоизлар ҳисобидан қопланадиган 2,2 миллиард фунт стерлинг кредит тақдим этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Лондон Киевга 150 та артиллерия стволини беради, дея қўшимча қилди Стармер.
Стармернинг Киевга ташрифи унинг Украинага бош вазир сифатида биринчи ташрифи бўлди. Стармер Украина пойтахтида бўлганида, Россия қўшинлари Киевга дронлар билан ҳужум қилди. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, Соломенский туманида учувчисиз учиш аппаратларидан бирининг парчаси қулаб, енгил автомобилга зарар етказган, Днепр туманида эса бино фасадининг шикастланиши аниқланган, аммо ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқ.