1 январдан Тошкент шаҳридаги жамоат автобусларида йўлкирани нақд пул шаклида тўлаш амалиёти бекор қилинди. Унинг ўрнига йўловчилар аввалдан фойдаланиб келаётган транспорт ёки банк карталаридан (1700 сўм) йўл ҳақини тўлайверади. Бир марталик чиптани эса (3000 сўм) бекатлар ва унга яқин бўлган Paynet, Oson, Multipay каби инфокиосклардан олади.

15 январь куни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ автобусларда нақд пул тўлови бекор қилингач тизимда бўлган ўзгариш ва кузатилаётган муаммолар бўйича матбуот анжумани ўтказди. Унда Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбари ўринбосари Рустам Шамурадов янги тизимдан бехабар йўловчиларни автобусда чиптасиз ташиш қачонгача давом этиши ҳамда автобуслардаги чиптачилар тақдири ҳақидаги саволларга жавоб берди. Тадбир «Газета.uz»нинг YouTube каналида жонли эфирга узатилди.

Январь ойи бошидан бери пойтахтдаги автобусларда тўлиқ электрон тизимга ўтилгани ҳақидаги янгиликдан бехабар йўловчилар автобусдан фойдалангани учун ҳайдовчига нақд пулда йўлкирани тўлашни таклиф қилмоқда. Ҳайдовчилар улардан пул кўринишидаги йўл ҳақини қабул қилмаяпти, уларга чипта сотиб олиш ҳақида огоҳлантириш бериб, автобусда чиптасиз ташимоқда.

Чиптасиз йўловчилар ҳайдовчига нақд пул берса, биринчи мартасида йўловчилар ва ҳайдовчилар огоҳлантирилади, кейин эса улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144 (Чиптасиз саёҳат) ва 145 (Йўловчиларни чиптасиз ташиш) моддалари бўйича жаримага тортилади. Чиптасиз саёҳат қилганлик учун жарима БҲМнинг 1/10 қисмини ёки 37,5 минг сўмни ташкил этади.

Ҳозирча пойтахтда чиптасиз йўловчилар жаримага тортилмаяпти. Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов бунинг сабабини тизимдаги ҳали тўла ечимини топмаган масалалар билан боғлади. Унинг айтишича, чиптасиз йўловчиларни жаримага тортиш амалиёти январь ойида қўлланмайди. Масъуллар чиптасиз ҳаракатланганларга жарима қўллаш қачондан кучга кириши ҳақида маълумот бермади.

«Биз январь ойида бу амалиётни қўлламаймиз. Сабаби тизим янги бўлгани учун ҳали қилинадиган ишлар бор. Олдин шароит яратиб, ҳар бир шикоятни алоҳида ўрганиб, унга ечим топганимиздан кейин бу тажрибани қўллашимиз тўғри бўлади», — деди у.

Ҳозир чиптасиз автобусга чиққан йўловчиларга ҳеч ким жарима қўлламаяпти. Арзимаган 1700 сўмни тўламасдан чиптасиз юриш кулгили бўлиши керак, дея қўшимча қилди «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбари ўринбосари Рустам Шамурадов.

Шунингдек, энди ишига эхтиёж қолмаган автобусдаги чиптачилар масаласи ҳақидаги саволга Рустам Шамурадов жавоб берди. Унинг айтишича, тизимдаги 770 дан ортиқ кондукторлик лавозими қисқартирилмоқда.

«Пойтахтда 770 нафардан ортиқ чиптачилар бор эди. Ҳозир улар автобус саройининг ичида мавжуд вакант лавозимларга тўғри келса, қонунчиликда белгиланган таклиф беряпмиз. Агар тўғри келмаса, уларга 2 ойлик маоши миқдорида компенсация тўланиб, „сокрашение“ (қисқартириш)га тушяпти», — дея тушунтирди масъул.