Ўзбекистоннинг йирик давлат корхоналари 2025 йилда евробондларни жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 16 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестициялар бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Президент илғор корхоналар мустақил равишда ташқи бозорларга чиқиб, тўғридан-тўғри маблағ олиб келишни бошлаганини қайд этди.

Савдо-саноат палатасида Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази ташкил қилинди.

Йил якунигача камида 200 та тадбиркорни халқаро молия бозоридан 2 миллиард доллар жалб қилишга тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, бу йил ОКМК 1 миллиард, НКМК 500 миллион, «Навоийуран» ва «Ўзметкомбинат» ҳар бири 300 миллион долларлик евробонд жойлаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳам халқаро рейтинг олиб, ташқи бозордан жами 700 миллион доллар олиб келиши муҳимлиги таъкидланди.

2025 йил учун 2 миллиард доллар грант олиш бўйича ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудларнинг режаларини шакллантириш топширилди.

Навоий кон-металлургия комбинати 2024 йили илк бор евробондларни халқаро бозорга жойлаштирди ва 6,7 фоиз ва 6,95 фоиз ставкада 1 миллиард доллар жалб қилди. НКМК бош директорининг биринчи ўринбосари Евгений Антонов аввалроқ «Газета.uz»га комбинат қазиб олиш рентабеллигини қандай қўллаб-қувватлаётгани, ресурс базаси ва олтин нархлари истиқболларини қандай баҳолаётгани ҳақида гапириб берган эди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мис рудасини бойитиш бўйича учинчи фабрика (Мис бойитиш фабрикаси, 3-МБФ) ва Ўзбекистон металлургия комбинатида янги қуюв-прокат мажмуасини (дастлаб 2020 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди, кейин 2024 йил охирида, кейин 2026 йилга кўчирилди) ишга тушириш режалаштирилган.

Май ойида Ўзбекистон ҳукумати ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини қоплаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун 1,5 миллиард долларлик навбатдаги евробондларни чиқарди.