Қашқадарё вилояти Қарши туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди, дея хабар бермоқда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати.

Қайд этилишича, омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари 2024 йилда вилоятдаги вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда махсус қабулхоналарни мониторингдан ўтказиб бир қатор камчиликлар аниқланган.

Хусусан, Қарши шаҳар ИИО фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси, Қарши ва Косон туманлари ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида шахсларни сақлаш шароитлари белгиланган меъёрий талабларга жавоб бермаслиги кузатилган.

Уларда камераларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, шу билан бирга, табиий ва сунъий ёруғлик тизими, санитария-гигиена ҳолати, ҳаво алмаштириш тизими талаб даражасида эмаслиги каби қатор камчиликлар қайд этилган.

Қарши туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилиб, сақланаётган шахслар капитал таъмирланган Касби туман ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилган.

Камчиликларни бартараф этиш бўйича омбудсман Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритган. У асосида вазирлик ВСҲлардаги камераларни кўзга зиён етказмайдиган ҳолда ўқиш ёки ёзиш учун етарли табиий ва сунъий ёруғлик билан таъминлаш, иситиш, камералар ва ювиниш хоналарини керакли жиҳозлар билан таъминлаш ва санитария талабларига мувофиқлаштириш чораларини кўрмоқда, дейилади хабарда.

Ҳужжатда билдирилганларни ўз вақтида бартараф этмаган ходимларга эса хизмат текширувлари ўтказилиб, 1 нафар ходим лавозимидан озод этилган ва 9 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари Интизомий кенгашлар томонидан кўриб чиқилган.