Ўзбекистонда Open Budget порталидаги «Ташаббусли бюджет»ни амалга ошириш жараёнига ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 13 январдаги қарорида кўзда тутилган.
Аввал туман бюджетлари қўшимча даромадларининг 30 фоизи «Ташаббусли бюджет»га йўналтириларди. 2022 йилдан бошлаб бу маблағларга тасдиқланган маҳаллий буджет харажатларининг 5 фоизи қўшилди.
Бироқ шаҳарлар бюджетларининг катталиги туфайли «Ташаббусли бюджет» учун ажратилган маблағлар у ерда анча юқори бўлган. Шу билан бирга, кам бюджетли туманларда фуқаролар ташаббусларига камроқ маблағ ажратилган, бу эса ғолиб лойиҳалар сонининг қисқаришига олиб келган.
Энди ҳар йили ҳар бир туман ёки шаҳарда камида 10 та ва кўпи билан 30 та лойиҳани амалга ошириш учун етарли маблағ ажратилади. Бу қўллаб-қувватланадиган ташаббуслар сони бўйича минимал ва максимал чегарани белгилайди. Агар лойиҳалар сони 10 тадан ошса, маблағлар туман ёки шаҳардаги аҳоли сонига қараб тақсимланади. Бу эса аҳоли зич жойлашган ҳудудлар кўпроқ молиялаштиришга даъво қилиши мумкинлигини англатади.
Ҳозирги кунда битта лойиҳани молиялаштиришнинг чегаравий қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, туман ёки шаҳар бюджетларидан ажратиладиган маблағларнинг энг кам миқдори 15 млрд сўмни, энг кўпи 45 млрд сўмни ташкил этади.
Аввал Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар маҳаллий кенгашлар томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч иш куни ичида ўтказилган. Бу банд энди бекор қилинган.
Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб молиявий мустақил олий таълим муассасалари «Ташаббусли бюджет» жараёнида иштирок этмайди.
Жараён доирасида маблағлардан самарали фойдаланиш ва ижтимоий муаммоларга эътиборни кучайтириш учун ташкилотлар томонидан ҳар қандай транспорт воситалари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун ускуналар (радарлар, жамоат жойларидаги видеокузатув камералари, светофорлар), шунингдек, раҳбар ходимлар учун мебель сотиб олиш тақиқланади.
Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари 10 кун ичида ташаббусли бюджет доирасида сотиб олишга рухсат этилган товарларнинг аниқ тавсифлари билан жиҳозланган ускуналарнинг янгиланган рўйхатини Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиши керак.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бюджет ташкилотлари ходимларини овоз беришга мажбурлаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирларни ташкил этиши ҳамда ҳар бир мавсум якунлари бўйича Сенатга ахборот тақдим этиши лозим.
Тақвим
Тақвимга кўра, ташаббусли бюджетнинг биринчи мавсуми 1 февралдан бошланади. Биринчи мавсум ғолиблари 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.
Иккинчи мавсум 15 июлда бошланади. Лойиҳалар ғолиблари 1 сентябрь — Мустақиллик кунида эълон қилинади.
Ташаббусли ёки партисипаторли бюджетлаштириш — бу бюджет маблағларининг маълум қисмини сарфлаш бўйича ташаббусларни илгари суриш орқали аҳолининг маҳаллий ўзини ўзи бошқаришда бевосита иштирок этиш шаклидир. Ушбу амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, АҚШ, Бразилия ва Жанубий Кореяда кенг тарқалган.