Тошкент шаҳри Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамов 15 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2025 йилда харид қилиш режалаштирилаётган 1000 та янги автобусни Тошкент қандай бошқаришини айтиб берди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда пойтахтда 164 та автобус йўналиши мавжуд. Автобусларда йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилишнинг бекор қилиниши ерусти жамоат транспортидан аввал қайд этилганидан 35 фоизга кўп йўловчи фойдаланаётганини кўрсатмоқда.
«Бу жамоат транспортининг жозибадорлигидан дарак беради. Ҳозирги динамикада биз яна 1000 та автобус харид қилиш зарурлигини кўряпмиз. Тошкентга эса 3000 та автобус етарли бўлади. Ҳозир бирор жойда завод ёки турар жой мажмуаси қурилса, йўловчиларнинг хатти-ҳаракати ўзгаради», — деди Миракбар Икрамов.
Унинг қўшимча қилишича, транспорт бошқармаси бошқа бошқармалар билан биргаликда апрель-май ойларида 200 та электробус етказиб бериш масаласи устида ишламоқда.
«Бизда ушбу машиналарни етказиб бериш режалаштирилаётган янги йўналишлар рўйхати аллақачон мавжуд. Шаҳарда 32 та янги йўналишга эҳтиёж бор. Қўшимча ҳаракат таркибига муҳтож бўлган маршрутлар мавжуд. Бугунги кунда Тошкентга ҳар куни вилоятлардан 1,5 миллиондан ортиқ киши келади. Бу аҳолининг нафақат шаҳар ичида, балки пойтахт агломерацияси доирасидаги ҳаракатчанлигини ҳисобга олишимиз кераклигини кўрсатади. Ушбу 1000 та автобус, жумладан, агломерация аҳолиси учун ҳам қулайлик яратади. Бу бизнинг мақсадимиз».
Шаҳар йўловчи ташувининг асосий оператори «Тошшаҳартрансхизмат»нинг автобус парки бугунги кунда 1800 та автобусни ташкил этади. Улардан 1560 таси рейсларга жўнайди. Қолганлари эса заҳирада, дея тушунтирди Миракбар Икрамов. Бундан ташқари, ҳар бир машина маълум бир маршрутга тайинланган. Захира автобуслари йўналишдаги автобуслар аварияга учраган ёки техник кўрикдан ўтиш талаб қилинган ҳолларда қўлланади. Бундай ҳолларда захира транспорти жадваллар ва интервалларга узлуксиз риоя қилинишини таъминлайди.
Бундан ташқари, ТШТХ гавжум соатларда, айниқса, йирик автобус бекатларида, масалан, «Буюк Ипак йўли» метро бекати яқинида интервалларни қисқартиради.
«12 метрли автобус сиғими 90 киши. Бир метро поездида 1000 киши саёҳат қилади. Улардан 300−400 таси [кейин автобусларга ўтади]. Биз буни инобатга олиб, автобусларда гавжум бўлмаслиги учун интервалларни қисқартиряпмиз», — деб тушунтирди Миракбар Икрамов.
Шунингдек, у янги ҳаракатланувчи таркибни етказиб беришга шаҳар қандай тайёргарлик кўриши кераклигини ҳам айтди.
«Шунчаки машиналарни олиб келишнинг ўзи этарли эмаслигини тушуниш керак. Инфратузилма яратиш керак. Гаражларни қаерда қуриш, электробусларни қандай қувватлантириш, электрни қандай ўтказиш, газ автобуслари қаерда ёқилғи қуйиш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу масалаларнинг барчасини параллель равишда ҳал қилишимиз керак», — дейди Миракбар Икрамов.
Транспорт бошқармаси бошлиғининг қўшимча қилишича, 1000 та автобус етказиб бериш учун шаҳарга камида яна учта автобус парки керак. Мавжуд саккизта паркка максимал 2000 та автобус сиғиши мумкин.
«2023 йилда 1000 та автобус олиб келганимизда нафақат эскиларини алмаштирдик, балки парклар сиғимини ҳам оширдик, — дейди бошқарма бошлиғи. — Бунгача шаҳарга кичик сиғимли Isuzu автобуслари хизмат кўрсатар эди ва паркнинг сиғими 2300−2400 та автобусни ташкил қиларди. Ҳозир автобуслар сиғими ошиши туфайли паркларнинг сиғими пасайиб кетди».