АҚШ президенти Жо Байден 15 январь куни миллатга хайрлашув мурожаати билан чиқди. У америкаликларни демократик қадриятларни сақлаб қолишга чақирди ва АҚШда демократияга таҳдид солаётган олигархия шаклланаётганидан хавотир билдирди.
«Бизнинг ҳокимиятлар бўлиниши, назорат ва мувозанат тизими мукаммал бўлмаслиги мумкин, аммо у демократиямизни қарийб 250 йил давомида қўллаб-қувватлади. Тарихдаги бундай тажрибани ўтказишга ҳаракат қилган бошқа ҳар қандай мамлакатдан ҳам кўпроқ. Сўнгги тўрт йилда демократиямиз мустаҳкамланди. Ҳар куни мен мамлакатимиз тарихидаги энг мураккаб даврда барча америкаликларнинг президенти бўлдим. Менинг ажойиб шеригим бор эди — вице-президент Камала Ҳаррис», — деди Байден Оқ уйнинг Овал кабинетидан чиқиб.
У ўз маъмурияти сиёсий қарорларининг «таъсирини ҳис қилиш» учун «вақт кераклигини» тан олди. «Аммо уруғлар экилди ва улар униб чиқади, ўнлаб йиллар давомида гуллаб-яшнайди», — деди АҚШ президенти.
«Биз қарийб 17 миллион янги иш ўрни яратдик. Тиббий хизматдан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамлар фойдаланмоқда. Биз НАТОни мустаҳкамладик. Украина ҳали ҳам озод. Хитой билан рақобатда олдинга чиқиб олдик. Ва бошқа кўп нарсалар», — деди Байден ўз президентлиги якунларини сарҳисоб қилар экан.
У, шунингдек, ўзини жуда ташвишга солаётган нарсалар ҳақида америкаликларни огоҳлантирди. «Ўта бой бўлган жуда кам сонли одамлар қўлида ҳокимиятнинг хавфли даражада тўпланиши ва агар уларнинг ҳокимиятни суиистеъмол қилиши жазосиз қолдирилса, оқибатлар хавфли бўлиши мумкин. Бугун Америкада фавқулодда бойлик, ҳокимият ва таъсир олигархияси шаклланмоқда, у том маънода бизнинг демократиямизга, асосий ҳуқуқ ва эркинликларимизга таҳдид солмоқда… Биз бутун Америка бўйлаб оқибатларни кўрмоқдамиз», — деди Байден.
«Асрдан кўпроқ вақт муқаддам Америка халқи қароқчи баронларга қарши чиқди… Улар бойларни жазоламади. Улар бойларни бошқаларга нисбатан қўлланиладиган қоидалар бўйича ўйнашга мажбур қилди. Биз буни яна қилишимиз керак», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.
«Президент Эйзенҳауэр ўзининг хайрлашув нутқида ҳарбий-саноат мажмуасининг хавф-хатарлари ҳақида гапирган. Олтмиш йилдан кейин мен технологик саноат мажмуасининг потенциал ўсишидан бир хил даражада хавотирдаман», — деди Байден.
Унинг сўзларига кўра, америкаликлар бугун «ҳокимиятни суиистеъмол қилишга туртки бўладиган дезинформация кўчкиси остида қолган».
«Эркин матбуот вайрон бўлмоқда. Муҳаррирлар ғойиб бўляпти. Ижтимоий тармоқлар фактларни текширишдан бош тортмоқда. Ҳокимият ва бойлик учун тарқатиладиган ёлғонлар ҳақиқатни бўғиб қўяди. Ижтимоий платформаларни жавобгарликка тортишимиз керак… Сунъий интеллект — замонамизнинг энг муҳим технологияси…, аммо эҳтиёт чоралари кўрилмаса, сунъий интеллект бизнинг ҳуқуқларимиз ва турмуш тарзимизга янги таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин», — дея таъкидлади Байден.
Шунингдек, у сиёсатдан «соядаги пул»ни, яъни сайлов кампанияларини яширинча молиялаштиришни олиб ташлашга, Олий судда ахлоқий ислоҳотларни ўтказишга, конгресс аъзоларига акцияларни сотишни тақиқлашга ва «ҳеч бир президент» лавозимда содир этилган жиноятлар учун жавобгарликдан суғурталанмаслиги учун Конституцияга ўзгартиришлар киритишга чақирди.
«Президентнинг ҳокимияти чексиз эмас, у мутлақ эмас. Ва бундай бўлмаслиги керак», — деди Байден.
«Демократияда яна бир хавф бор — ҳокимият ва бойликнинг концентрацияси. У мақсаднинг бирлиги ва умумийлиги туйғусига путур етказади. У ишончсизлик ва бўлинишни келтириб чиқаради. Бундай вазиятда демократиямизда иштирок этиш умидсизлантирадиган бўлиб қолади, аммо биз бу жараёнларда қатнашишни давом эттиришимиз зарур», — деди Байден.